Қирғизистон бош вазири Темир Сариев Тожикистон чегарасидаги вазиятнинг кескинлашиши туфайли таътилини барвақт тугатишга мажбур бўлди. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати аппаратида ТАСС ахборот агентлиги мухбирига маълум қилинди.   

Чегарадаги вазиятнинг кескинлашишига Майская ҳудудида 3 августда тожик фуқаролари Қирғизистоннинг Кўк-Тош қишлоғи қабристонига олиб борадиган автомобиль йўлни тўсиб қўйганлари сабаб бўлган. Бунга жавобан қирғизистонликлар Тожикистоннинг Чорқу қишлоғини сув билан таъминлайдиган канални тўсиб қўйишган. Ўзаро қарама-қаршиликлар давомида икки томон бир-бирига тошлар отган. 4 август куни тўқнашувлар давом этди. Турли маълумотларга кўра, бу тўқнашувларда 200 дан 500 гача одам иштирок этмоқда. Тўқнашувларнинг икки куни давомида 6 тожик ва 8 қирғиз турли даражадаги тан жароҳати олган.        

Қирғизистон ҳукумати аппарати вакилларининг айтишича, Сариевнинг таътилдан барвақт қайтишига Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев томонидан Қирғизистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига кириши бўйича нотани имзолагани ҳам сабаб бўлган. Шу муносабат билан яқин кунларда Қирғизистон божхона чегаралари Евроосиё иқтисодий иттифоқининг бошқа аъзо давлатлари учун очилиши керак. Қирғизистондан ташкари бу иттифоққа Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Россия киради.