ТИВ: Ўзбекистон ҳеч қачон Роғун ГЭСи лойиҳасини маъқулламайди

Ўзбекистон 04 Август 2015 9916

Ўзбекистон Роғун ГЭСи лойиҳасини бугунги кундаги ҳолатда маъқулламайди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайтида жойлаштирилган баёнотда айтилди.
2015 йилнинг 22 июль куни Тожикистон энергетика ва сув ресурслари вазири У. Усмонзода Ўзбекистон томонидан Роғун лойиҳаси бўйича халқаро экспертларнинг баҳосига ҳеч қандай эътироз билдирилмаганлигини таъкидлаб ўтди. Аммо Ўзбекистон ташқи сиёсий муассасасининг маълум қилишича, мамлакат раҳбарияти бу борада 2014 йил июлида айтиб ўтилган фикрини ўзгартирмаган.
2014 йилнинг 14-18 июль кунлари Олма-Ота шаҳрида Марказий Осиё ҳукуматлари вакиллари учрашувида Жаҳон банкининг “Роғун ГЭСининг таклиф қилинаётган лойиҳасини кўриб чиқишнинг асосий масалалари” ҳисоботи, шунингдек, трансчегаравий сув ресурслари муаммоси кўриб чиқилган эди. Унда Ўзбекистон делегацияси вакили чиқиш қилиб, Роғун ГЭСининг таклиф қилинган лойиҳаси Ўзбекистоннинг таклифларига мувофиқлаштирилмагани ва ушбу ҳолатда ҳеч қачон тан олинмаслиги таъкидлаб ўтилган эди.
Баёнотга илова тарзида ушбу маъруза матни ҳам келтириб ўтилиб, шундан буён Ўзбекистоннинг бу борадаги позицияси ўзгармаганига алоҳида урғу берилди.

Кўпроқ янгиликлар