Америкалик мутахассислар халқаро фазо станциясида биринчи марта Хитой олимлари томонидан тайёрланган тажрибани ўтказмоқчи. Houston Chronicle газетасининг ёзишича, бу борадаги келишув Техаснинг NASA билан фаол ҳамкорлик қилувчи NanoRacks компанияси ва Пекин технология институти ўртасида тузилган.

Тажрибадан кўзланган мақсад фазо радиациясининг инсон ДНКсига таъсирини ўрганишдан иборат. У кейинги йил станциянинг АҚШга тегишли сегментида ўтказилади. Таъкидланишича, тажриба узоқ фазога учириладиган узоқ муддатли парвозлар экипажини ҳозирлашда муҳим ўрин тутиши мумкин.

АҚШ компанияси станцияга Dragon юк кемаси бортида ХХРда тайёрланган ускунанинг етказилишини таъминлайди, унинг натижаларини эса пекинлик тадқиқотчиларга етказади. Хитой бу хизматлар учун компанияга 200 минг доллар тўлайди.