Lexus компанияси ўзи ишлаб чиққан учар тахтанинг (ховерборд) расмий видеосини эълон қилди. Бу ҳақда Toyota компаниясининг матбуот хизмати хабар берди.
Amazing in Motion лойиҳаси доирасида намойиш қилинган видеода спортчи Росс МакГуран учар тахтадан фойдаланишнинг ўзига хос техникасини кўрсатиб берди.
Lexus Hoverboard лойиҳаси бир ярим йил муқаддам бошланган эди. Унда Дрезден қаттиқ жисмлар ва моддашунослик институтининг магнитли левитация соҳаси мутахассислари иштирок этди. Айнан шу технология ховербордга асос бўлиб хизмат қилди.
200 м ли махсус қоплама Дрездендан Испанияга олиб келинди, унда мутахассислар цемент ва дарахт остига юзлаб кичик магнитлар ўрнатдилар. Тақдимот Барселона яқинидаги Кубельес скейт боғида бўлиб ўтди.
Икки дақиқали ролик уч кун давомида режиссёр Генри-Алекс Рубин томонидан тасвирга туширилди.
Учар скейтборд ҳозирча модел шаклида қолиб, сотувга чиқарилмайди. Лойиҳа ва ускуна қиймати ҳақида маълумот йўқ.