БМТ: Хиросима фожиаси қуролсизланишнинг долзарблигини кўрсатмоқда

Жаҳон 06 Август 2015 2355

БМТ бош котиби Пан Ги Мун Япониянинг Хиросима шаҳри бомбардимон қилинишининг 70 йиллиги муносабати билан мурожаатнома йўллади. Унда ядровий қуролдан бутунлай қутулишнинг зарурлиги яна бир таъкидланди.
1945 йил 6 августи соат 8:00да бир гуруҳ АҚШ ҳарбий самолётлари шаҳарга яқинлаша бошлади. Япония ҳаво ҳужумига қарши кучлари буни кўрса-да, самолётларни ушлаб қолмади. Натижада полковник Пол Тиббетс бошқараётган B-29 "Энола Гэй" бомбардимончи самолёти тўсиқларсиз шаҳар марказига етиб бориб, унинг устига “Миттивой” номли 4 тоннали уран бомбасини ташлаб юборди. Бунинг натижасида бир неча сония ичида 70-100 минг киши ҳалок бўлди. Шаҳар бутунлай ер юзидан супуриб ташланди.
Тирик қолганлар нурланиш касалидан кейинчалик оламдан ўтди. Бир кун ичида атом бомбасининг қурбонлари сони 292 325 кишини ташкил қилди. Тирик қолиб, нурланиш касалидан азият чекаётган одамлар сони эса бугунги кунда 183 519 кишини ташкил қилмоқда. Уларнинг аксарият қисми ҳаётини ядровий қуролга ва урушга қарши курашишга, шунингдек, маърифатпарварликка бағишлаган.
Ушбу сана муносабати билан Японияда Хиросима шаҳрига атом бомбаси ташланишига 70 йил тўлишига бағишланган хотира тадбирлари ўтказилмоқда. Асосий маросим анъанавий тарзда шаҳар марказидаги Тинчлик боғида бўлиб ўтмоқда. Жорий йилда хотира маросимида 100дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирок этади. Шаҳар ҳокимияти жами 157 мамлакатга таклифномалар юборган эди.
“Бу хотира бутун дунёга тарқалиши ва инсонларга ядровий қуролдан бутунлай қутулиш заруратини эслатиб туриши лозим”, – таъкидланди Пан Ги Муннинг мурожжатида.
Мурожаатнома БМТ бош котибининг қуролсизланиш бўйича олий вакили Ким Вон Су томонидан тадбир чоғида ўқиб эшиттирилди.

Кўпроқ янгиликлар