Бухорода сохта далолатномалар ёрдамида катта миқдордаги пулни ўзлаштирган Marsian Plus МЧЖ раҳбари Жамшид Қодиров жазога тортилди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” газетаси ёзмоқда.

Айтилишича, Қодиров ягона давлат буюртмачи инжиниринг компанияси лойиҳаларни бошқариш ва қурилишларнинг техник кузатуви бўйича етакчи мутахассиси билан ўзаро тил бириктириб, 2014 йил 15 январда пудрат шартномасини тузган ва мусиқа ва санъат мактаби қурилишига киришган.
Аммо у сметадаги ишларни енгиллаштириб, кўрсатилган пуллардан бир қисмини ўзлаштиришга ҳаракат қилган. Жумладан, дераза ойналари икки қават кўрсатилган бўлишига қарамай, уларни бир қават қилиб тайёрлаган. Ҳаво алмаштириш ускуналари эса фақат қоғозда “ўрнатилган”. Натижада 113.785 млн сўмлик бажарилмаган иш ҳажмлари ҳамда 466 минг сўмлик сифатсиз бажарилган ишлар ҳақида далолатномаларга сохта маълумотлар киритилган.
Қурилиш битгач, “Бухоролойиҳа” МЧЖ экспертлари томонидан ўтказилган текширув бу фактларни фош этди. Ягона буюртмачи инжиниринг компанияси директори Ш. Арипов Қодировдан ҳолатни 3 кун ичида тўғирлашни талаб қилган. Бу иш амалга оширилмагач, тегишли ташкилотларга мурожаат қилинган, натижада Қодиров жавобгарликка тортилди.