Жорий йилнинг ноябрь ойида Европа Иттифоқи Африка давлатлари билан ҳамкорликда ноқонуний миграция масалаларига бағишланган конференция ўтказади. Бу ҳақда Еврокомиссиянинг расмий вакили Наташа Берто баёнот берди.
Эслатиб ўтамиз, яқиндагина Ливия соҳилидан 30 км нарида муҳожирларни Европага олиб кетаётган навбатдаги кема ҳалокатга учраши оқибатида 25 киши ҳалок бўлди, 400 киши қутқарилди, 200 киши дом-дараксиз кетган деб ҳисобланмоқда.
“Миграция масалаларига оддий ечим йўқ. ЕИ айни пайтда ноябрь ойининг ўрталарида Африка давлатлари билан ушбу масалани муҳокама қилиш учун конференция ташкил этишни режалаштирмоқда”, – деди Берто хоним.
Бунда у Европа Кенгашининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини, Еврокомиссия раҳбарининг миграция бўйича ўринбосари Франс Тиммерманс ва Еврокомиссарнинг ички ишлар ва фуқаролик масалалари бўйича ўринбосари Димитрис Аврамопулоснинг қўшма баёнотига таяниб фикр билдирди.
Шунингдек, делегация вакиллари кема ҳалокатида қурбон бўлганларнинг хотирасини ёдга олиб, уларнинг қариндошларига ва яқинларига ўз таъзияларини билдиришди.