2015 йил 6 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлиси очилди. Мажлисда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар..

Мажлисни Олий Мажлис Сенатининг раиси Н.Йўлдошев очди ва бошқарди.

Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисининг кун тартибига киритилган масалаларни муҳокама этиш чоғида сенаторлар таъкидлаганларидек, кўриб чиқилаётган қонунлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Олий Мажлис Сенатининг 2015 йил 22 январда ўтказилган биринчи мажлисидаги нутқида ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2015 йил 23 январда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 16 январда бўлиб ўтган мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг устувор йўналишларига бағишланган мажлисидаги маърузаларида баён этилган вазифаларнинг рўёбга чиқарилишига кўмаклашади.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида сенаторлар томонидан кўриб чиқилган алоҳида муҳим масала бўлди.

Мажлисда таъкидланганидек, амалдаги қонун ҳужжатларига киритилаётган тузатишлар хусусий мулк ва тадбиркорлик фаолияти янада эркин ривожланишининг, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини яратиш имконини беради. Қонун тадбиркорларнинг фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва ноқонуний аралашганлик учун давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини анча кучайтиради.

“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга киритилаётган норма қонун ҳужжатларида тадбиркорлик субъектлари учун назарда тутилган имтиёз ва преференциялардан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга қаратилган.

Мажлисда қайд этилишича, ана шу ва бошқа янгиликларнинг қонунлар даражасида мустаҳкамлаб қўйилиши хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга, тадбиркорларнинг фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва қонунга хилоф равишда аралашганлик учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат ва бошқа давлат органлари мансабдор шахсларининг жавобгарлиги муқаррарлигини таъминлашга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Манба: УзА