Туркия армияси мамлакатнинг жануби-шарқида жойлашган, Сурия билан чегарадош Ширнак вилоятида ўзининг позицияларини мустаҳкамламоқда. У ерга қўшимча оғир қурол-аслаҳа юборилмоқда, деб хабар бермоқда Hurriyet газетаси.

Ҳарбий техника, шунингдек, танк ва артиллерия қуроли Сурия билан бевосита яқин масофадаги баланд тепаликларда жойлаштирилмоқда. Чегарадош ҳудудларни назорат қилиш кучайтирилди.

Туркия қуролли кучлари 24 июлдан бери Сурия шимолидаги “ИШИД” террорчилик гуруҳи ва Ироқ шимолидаги Курдистон ишчи партияси позицияларига ҳужум уюштирмоқда. Зарбалар Туркиянинг чегараолди ҳудудларидан F-16 қирувчи самолётлари, танклар ва артиллерия ёрдамида берилмоқда.

5 август куни Туркиянинг жанубида жойлашган Инжирлиқ базасида дислокация қилинган АҚШнинг жанговор учувчисиз парвоз қурилмаси томонидан “ИШИД” позицияларига илк зарбалар берилди. Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлунинг айтишича, Анқара ва Вашингтон яқин орада “ИШИД”га қарши катта миқёсдаги биргаликдаги операция ўтказадилар.