«Жиззах» махсус индустриал зонасида «Жуита гулшана инвeст» Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси «Ўзбекенгилсаноат» Давлат акциядорлик команияси ҳамда Хитой давлатининг «Zhejiand Juita Sewing Machine» Cо.LTD компанияси билан ҳамкорликда барпо этилди. Бу ҳақда "Телеграф.уз" хабар берган.

Корхонанинг умумий лойиҳа қиймати 3 миллион АҚШ долларидан ошиқ бўлиб, замонавий Япония технологияси асосидаги саноатлашган тикув дастгоҳларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

"2013 йилнинг ноябрида «Жиззах» МИЗ ҳудудида саноатбоп тикув дастгоҳлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусимиз мамлакатимиз раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланди. Шундан сўнг «Ўзбекенгилсаноат» Давлат акциядорлик компанияси кўмагида ушбу ғояни амалга ошириш учун хитойлик ҳамкорлар билан алоқа ўрнатишга эришдик. Ўзаро аҳдлашувга эришганимиздан сўнг МИЗ ҳудудидаги ташландиқ ҳолатга келиб қолган бинони сотиб олиб, таъмирлаш, қайта тиклаш ишларини бошлаб, уни қисқа фурсатда ниҳоясига этказдик",— дейди қўшма корхона раҳбари Равшан Бобоев.

Қўшма корхонада ҳозирда бир неча турдаги тикув машиналари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу йил енгил саноат корхоналарига 10 минг дона тикув машиналари этказиб бериш кўзда тутилмоқда. Асосий қувватга эришилгач, йилига 15 минг дона тикув машиналари ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлади. Ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг учдан бир қисми хорижга экспорт қилинади. Бундан ташқари, корхонада йилига 7 мингтагача кийимларнинг енги ва ёқаларини тикувчи, кийимлардаги икки чокни бир-бирига улаб тикадиган (аверлок) дастгоҳлар ишлаб чиқарилади.

Эндиликда корхонада ишлаб чиқаришнинг янги тармоқлари очилиши кўзда тутилаяти. Яқин келажакда ишлаб чиқарилаётган тикув машиналарининг қисмларини юртимизда тайёрлаш йўлга қўйилади. Ҳозирда маҳаллийлаштириш дастурига асосан тикув машиналари учун – стол ва стуллар тайёрлашга киришилмоқда. Дастгоҳларнинг чўян корпуслари ҳам Жиззахда тайёрланиши кўзда тутилган. Бунинг учун яқинда чўян қуйиш цехи фойдаланишга топширилади.

Умуман, 2017 йилга бориб тикув машиналари учун эҳтиёт қисмларнинг камида 50 фоизини қўшма корхонанинг ўзида тайёрлаш йўлга қўйилади. Шунингдек, ип ўраш дастгоҳларини ишлаб чиқариш, трикотаж маҳсулотларини тикишда кенг фойдаланиладиган ярим сунъий иплар, кийимлар учун безак тошлари, молниялар (молния-замок), кийим-кечакларни ўровчи материаллар тайёрлашни ўзлаштирмоқда.