Лондондан Лос-Анжелесга учиб кетаётган АҚШнинг United Airlines авиакомпаниясига тегишли самолёт салоннинг биринчи синфидаги иккита ўриндиқ учқунлана бошлагани ҳақидаги хабардан кейин Лондон аэропортига қайтишга мажбур бўлди. Бу ҳақда йўловчилардан бирининг айтган сўзларига иқтибос келтирган ҳолда NBC телекомпанияси маълум қилди.

Ральф Маклафлин исмли йўловчи телекомпанияга самолёт учувчиси самолёт Шотландиядан учиб ўтгандан кейин уни орқага қайтарганини айтди.

“Самолёт сардори биринчи синфдаги иккита ўриндиқдан учқунлар чиққанини эълон қилган. Мен эконом-синфда ўтирганим учун уларни кўрмадим, бироқ самолёт қўнганида электрнинг куйган ҳидини сездим”, деб айтмоқда йўловчи.

Авиакомпания вакили Кевин Жонстон ўз навбатида самолёт учгандан кейин бироз ўтиб техник носозлик туфайли ортга қайтганини маълум қилди.

Самолёт Хитроу аэропортида маҳаллий вақт билан 10:43 да қайтиб келди. Жабрланганлар ҳақида маълумот берилмаган.