Германияда яшовчи Свен Хагемайер энг узоқ давом этган туғилган кун бўйича рекорд ўрнатди, деб ёзмоқда The Telegraph нашри. У ўзининг 26 ёшини турли вақт минтақалари бўйлаб ҳаракатланиб, кутиб олди. Туғилган кунни нишонлаш 46 соат давом этди ва бу ютуқ Гиннесс рекордлар китобидан жой олди.

Дастлаб Хагемайер Янги Зеландиянинг Окленд шаҳридан Австралиянинг Брисбен шаҳрига парвоз қилди. Брисбен вақт бўйича Окленддан 2 соат орқада қолади. Кейин Гавайи оролларига йўл олди, чунки Гонолулу Брисбендан 20 соат орқада қолади.

Рекордни қайд қилиш давомида турли вақт минтақаларидаги вақт ҳисобга олинган, чунки вақт орасидаги фарқ Хагемайер туғилган кунини узайтирган. Шу тариқа немис “осмонда” 13 соат 10 дақиқа ўтказган.

Аввалги энг узоқ туғилган кун 35 соат 25 дақиқа давом этган эди.

Қайд этилишича, Хагемайер ўзининг бу рекорд саёҳатини 2014 йилдаёқ амалга оширган, бироқ унинг бу натижаси Гиннеслар рекорд китобида энди қайд қилинди. 2015 йилда немис ўз туғилганини анъанавий тарзда, яъни оила даврасида ўтказмоқчи.