30 июль куни АҚШ томонидан Россия ва Украинанинг бир қатор шахслари ва компанияларига нисбатан эълон қилинган иқтисодий ва бошқа турдаги чекловлар 10 августдан кучга киради. Бу ҳақда АҚШ молия вазирлиги хорижий активлар назорати бўлинмаси бюллетенида хабар қилинди.

АҚШнинг янги санкцион рўйхатига қўшимча тарзда 11 жисмоний ва 15 юридик шахс киритилди. Санкцион рўйхат 61 пунктга кенгайтирилиб, бу Қримдаги вазият билан изоҳланди.

Рўйхатга, хусусан, Россия фуқароси, Лондонда яшаб келаётган “Калашников” концерни менежери Андрей Билютин, Украина фуқароси Андрей Клюев, Россия фуқаролари Пётр Колбин, Сергей Курченко, Сергей Омельченколар киритилди.

Бундан ташқари, рўйхатга финляндиялик Кай Паананен, украиналик Ольга Семенова, Эдуард Ставитский, Александр Янукович, Олег Усачёв, Финляндия ва Россия фуқаролигига эга Роман Ротенберглар киритилди.

Юридик шахслар ичида Финляндия, Россия ва Кипр компаниялари бор.