Америкалик сузувчи Райан Лохте Қозонда якунига етиб бораётган сув спорт турлари бўйича жаҳон чемпионатининг эркин усулдаги аралаш эстафета (4x100 м) баҳсларида қўлга киритган олтин медалини мухлис болага совға қилди. Бу ҳақда olamsport.uz нашри хабар берган.

“АҚШ терма жамоаси ва шахсан мени қўллаб-қувватлаб турган мухлисга олтин медални совға қилишни лозим деб топдим. У энг яхши мухлис”, – дея ўзининг твиттердаги саҳифасида хабар қолдирган Лохте.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ терма жамоаси аралаш эстафета баҳсларида янги жаҳон рекорди (3.23,05) билан ғолибликни қўлга киритишди. Лохте ушбу жаҳон чемпионатида 200 метр масофага ўтказилган баҳсларда олтин, эстафетада эса олтин ва кумуш медалларга ҳам сазовор бўлган эди.