АҚШ Россияга нисбатан белгиланган чекловлар рўйхатига Кипр ва Финляндияда рўйхатдан ўтган компанияларни ҳам киритди, негаки россиялик бизнесменлар шу компаниялар орқали санкцияларни четлаб ўтишидан хавотир олмоқда. Бу ҳақда The Financial Times нашри ёзмоқда.

АҚШ қонунчилигига кўра, қора рўйхатга киритилганларнинг АҚШ юрисдикциясида бўлган барча активлари музлатиб қўйилиши талаб қилинади. АҚШ фуқаролари ўз навбатида улар билан бизнес юзасидан алоқа қилмасликлари керак.

Таъкидланишича, рўйхатнинг кенгайтирилиши Россия билан муносабатларни янада кескинлаштиришга ҳаракат деб ҳисобланмаслиги керак, бу шунчаки россиялик бизнесменлар компаниялардаги назоратни бошқа шахсларга ўтказганини текшириш учун амалга оширилган.

АҚШ молия вазирлиги вакилининг айтишича, бу чоралар Геннадий Тимченко ва Борис Ротенбергга АҚШ санкцияларини четлаб ўтишда ёрдам берган компанияларга нисбатан кўрилган.

Янги чекловлар 10 августдан кучга киради.