9 август куни маҳаллий вақт билан 18:00 да қарийб 1500 та сайлов участкаси Гаити Миллий парламенти учун ўтказилган сайловлар бўйича ўз ишини якунлади. Муваффақ сайлов комитети қарорига кўра, нотинч муҳитда бўлиб ўтган сайловлар муддати айрим пунктларнинг очилиш вақти кечиккани боис икки соатга узайтирилди.

Миллий полициянинг дастлабки маълумотларига кўра, сайлов жараёнида 56 киши, жумладан, 16 нафар ўт қўювчилар ҳибсга олинган. Шу билан бирга, 4 нафар киши тан жароҳати олган. 1508та сайлов участкасининг 26таси эса “вақтинчалик фаолият кўрсатмади”.

Сайловлар жараёнида мамлакатдаги жамоатчилик тартибини сақлаш учун 9 минг нафар полициячи ҳамда БМТнинг Гаитидаги вазиятни барқарорлаштириш миссиясининг 2,5 минг нафар аскари жалб этилди.

Бўлиб ўтган сайловда қарийб 6 миллион сайловчи 20 нафар сенатор ва 119 нафар вакиллар палатаси депутати учун овоз беришди. Мазкур ўринлар учун мамлакатдаги 100дан зиёд сиёсий партияларнинг 1853 номзоди кураш олиб борди.

Эслатиб ўтамиз, Гаитидаги мураккаб сиёсий инқироз туфайли амалдаги президент Мишель Мартейи 2011 йилда ҳокимият тепасига келганидан буён парламент сайловлари ўтказилмай келинаётганди. Жорий йилнинг 12 январь куни эса депутатлар муддати тугаган, шундан буён парламент фаолият олиб бормаётган эди.