Осиё Футбол Конфедерацияси аъзо мамлакатлар футбол федерацияларининг 2015 йилнинг 6 август санасигача бўлган янги рейтингини маълум қилди.

Ўзбекистон Футбол Федерацияси ушбу рейтингда 9-ўринни эгаллаб турибди. Ўзбекистон клубилари 33.448 очко жамғарган бўлса, миллий терма жамоа 18.886 очко йиғган. Шу тариқа Ўзбекистоннинг жами очколари сони 52.334тани ташкил қилмоқда.

Ушбу рўйхатни Жанубий Корея 88.354 очко билан бошқариб бормоқда. Иккинчи ўринда Саудия Арабистони бўлса, кучли учликни Эрон якунлаб берган.

Ўзбекистонгача бўлган кейинги ўринларда Япония, БАА, Австралия, Хитой ва Қатар жой олган. Кучли ўнталикни Кувайт якунлаб бермоқда.

Маълумот учун, ушбу рейтинг 2012 йилнинг 1 январидан, 2015 йилнинг 6 августига қадар клублар ва терма жамоалар қайд этган натижаларга кўра ҳисобланган. Навбатдаги рейтинг шу йилнинг декабрь ойида эълон қилинади.