Шаҳзода Гарри ўтган ҳафтада Жанубий Африка Республикасига ташриф буюриб, у ерда яширин тарзда браконьерларга қарши курашда иштирок этди. Гарри ЖАРдаги Крюгер миллий боғидаги ҳарбий лагерлардан бирида бўлиб, у ерда маҳаллий ҳарбийлар билан бирга кечки пайт ҳудудни назорат қилишда иштирок этди.

ЖАРнинг News24 янгиликлар порталининг маълум қилишича, 2005 йилда Сандхерстдаги нуфузли ҳарбий академиясини битирган, Афғонистонда ишчи сафари давомида Apache ҳарбий вертолётини бошқарган шаҳзода шахсан ўзи милтиқ ва мачетелар билан қуролланган браконьерлар гуруҳига қарши курашда иштирок этди. Патруль хизмати билан браконьерлар ўртасидаги тўқнашув Тимсоҳлар дарёси яқинида юз берди. Жиноятчилардан бири яраланди, ундан овозни пасайтирувчи қурилмага эга бўлган йирик калибрли милтиқ мусодара қилинди. Патруль хизмати браконьерларнинг қоронғида ҳаракатланишини аниқлаш учун тепловизорга эга Gazelle вертолёти, ҳаво разведкасининг иккита самолёти ва бир нечта дронлардан фойдаланди. Гарри операцияда вертолётнинг учувчиларидан бири сифатида иштирок этди.