Тони Смит Австралия Вакиллар палатасининг янги спикери сифатида сайланди

Жаҳон 10 Август 2015 1088

Австралия парламентининг вакиллар палатасиянги спикери сифатида 48 ёшли Тони Смит сайланди. Виктория штати вакили ҳисобланган Тони Смит номзодига Либерал партиянинг 51 нафар депутати ёқлаб овоз берган бўлса, қарши овоз берганлар сони 22 нафарни ташкил этди.

Қонунчилик палатасида 14 йилдан буён фаолият юритиб келаётган Смит мамлакатни бошқариб келаётган Либерал Миллий коалиция таркибига кирувчи Либерал партия фракция йиғилишида сайланди. Қишки таътилдан сўнг илк иш кунида бўлиб ўтган мазкур сайловлар собиқ спикер Бронвин Бишопнинг қонуншуносларга транспорт харажатлари учун ажратилган йирик миқдордаги давлат маблағларини шахсий сафарлари учун сарфлаб юборгани сабабли келиб чиққан можаролар сабаб ўтказилди. Австралия бош вазири Тони Аббот Бишоп истеъфосига изоҳ берар экан, муаммони унинг шахсиятида эмас, балки зудлик билан қайта ишлаб чиқиш лозим бўлган парламентарийлар сарф харажатларини назорат қилиш тизимининг самарасиз эканлигида кўришини таъкидлаб ўтди. Шу вақтнинг ўзида, ҳукумат раҳбари Бишопнинг истеъфога чиқишга қарор қилганини тўғри амалга оширилган ҳаракат, дея баҳолади.

Бугунги сайловлар парламент қуйи палатаси либераллар фракциясининг барча аъзолари ўртасида овоз бериш йўли билан ўтказилди. Ундан аввалги спикер эса депутатлар эмас, балки 2013 йилги парламент сайловларида Либерал миллий коалиция ғолиб чиққанидан сўнг бош вазир Аббот томонидан тайинланган эди.

Кўпроқ янгиликлар