АҚШнинг патентлар ва товар белгилари бошқармаси Airbus концернининг “ультратовуш тезлигида учувчи ҳаво кемаси ва у билан боғлиқ ҳавода ҳаракатланиш усули” ихтироси учун патент олиш учун июлда топширган аризасини маъқуллади, деб хабар бермоқда Business Insider нашри.

Airbus муҳандисларининг ҳисоб-китобларига кўра, самолёт товуш тезлигидан 4,5 баробар каттароқ тезликкача эришиши мумкин.

PatentYogi компанияси эксперти Дипак Гуптанинг айтишича, бундай тезлик билан Лондондан Нью-Йоркка бир соатда, Париждан Сан-Франциско ёки Токиодан Лос-Анжелесгача уч соатда етиб олиш мумкин.

Янги самолёт кетма-кет ёқиладиган учта турли типдаги двигателлар билан жиҳозланиши назарда тутилмоқда: аввал самолётни ҳавога кўтарадиган двигатель, кейин уни зарур бўлган баландликка олиб чиқадиган ва охирида соатига 4800 километр тезликка эришишга имкон берадиган двигатель ишга тушади.

Airbus’нинг ҳисоб-китобларига кўра, самолёт фуқаролик ва ҳарбий авиациясида ишлатилиши мумкин. Йўловчи самолёти сифатида унинг сиғимдорлиги 20 йўловчини ташкил қилади. Ҳарбийлар эса бундай самолётдан юк самолёти ёки разведкачи самолёт сифатида фойдаланишлари мумкин бўлади.