«Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик компанияси “Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компаниясига ёнилғи учун олдиндан тўловни амалга оширмагани ҳамда муқаддам олинган дизел ёнилғиси учун катта миқдорда қарз мавжудлиги маълум бўлди.

“Ўзбекнефтегаз” МХК ахборот хизматининг хабар беришича, Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 5 февралдаги “Маҳсулотлар, хом ашё ва материалларнинг юқори ликвидли турларини сотишнинг бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш тўғрисида”ги қарори асосида “Ўзбекнефтегаз” миллий холдинг компанияси «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик компаниясига ёнилғи маҳсулотларини 100 фоиз тўлов амалга ошириш асосида тўлиқ миқдорда етказиб беради.

Бундан аввалроқ эса «Тошшаҳартрансхизмат» АК ўз сайтида ёнилғи етказиб бериш камайгани боис автобуслар қатнов интервали 30 фоизга узайиши ҳақидаги хабарни эълон қилган эди.

Жамоат транспортидаги интервалнинг узайтирилиши эса ижтимоий тармоқлари фойдаланувчилари томонидан қизғин муҳокама қилинган эди.