Голливуд актрисаси Женнифер Энистон Бирлашган Араб Амирликларининг Emirates Airline компанияси юзига айланди.

Мазкур маълумотни авиакомпания вакили ҳам тасдиқлади, бироқ шартнома шартлари номаълумлигича қолмоқда, дея хабар тарқатди The National.

New York Post нашри эса ўзининг шахсий ахборот манбасига асосланиб, Энистон билан шартнома баҳоси 5 миллион доллар эканини эълон қилди. Келишув шартларига кўра, актриса авиакомпаниянинг бир қанча реклама роликларида суратга тушади, шунингдек, унинг тасвирлари газеталардаги эълонларда ҳам чоп этилади.

Бундан аввалроқ “Реал” жамоаси ўйинчиси, португалиялик футболчи Криштиану Роналду Emirates Airline`нинг халқаро элчиси бўлган эди. 2014 йилги жаҳон чемпионати бошланишидан икки ҳафта олдин Роналду Пеле билан биргаликда реклама ролигида суратга тушган эди.

БААнинг яна бир авиакомпанияси — Etihad Airways эса актриса Николь Кидман билан шартнома имзолади.

Женнифер Энистон NBC телеканали орқали 1994-2004 йиллар давомида намойиш этилган “Дўстлар” сериалидаги Рэйчел Грин роли билан машҳур. Актриса “Эмми”, “Олтин глобус” мукофотларига сазовор бўлган.