Қашқадарёлик фирибгар опа-сингиллар – Розия, Сўғдиёна ва Нигина Омоновалар абитуриентларни алдаб, мавжуд бўлмаган хорижий ўқишлар номини айтиб, уларга кириш эвазига пул ундириб келишган. Бу жиноят тафсилотлари “Постда” нашрида ёритилди.
Фирибгар опа-сингиллар навоийлик абитуриент Зилола Рўзиевани Москвада фаолият юритадиган “Современная гуманитарная академия”нинг аслида мавжуд бўлмаган Навоий филиалида ўқишга киритиб қўйишини айтиб, ундан дастлаб минг доллар, сўнг “ҳужжатларни расмийлаштиришга” яна 700 доллар олишди.

Улар қизни бир неча бор уйларига чақириб, интернетдан топшириқлар ва дарслар бериб, шундай олийгоҳ борлигига ишонтирган эди. Улардан шубҳаланмаган Рўзиева 4 йил давомида мана шундай “таҳсил” кўриб келди ва қалбаки диплом олди. Ўқишнинг ҳар бир йили учун у фирибгарларга минг доллардан тўлаб келди.

Шундан сўнг опа-сингил Омоновалар Рўзиева “ўқиш”ини магистратурада давом эттиришга кўндиришди. Рўзиева ўзи билан иккита укасини ҳам олиб келди. Аммо фирибгарлар абитуриентларни алдов йўли билан Россияга олиб бориб, бир йил давомида бепул ишлатди.
Юртига катта қийинчиликлар билан қайтиб келган ёшлар қаллоблар устидан судга арз қилишди. Опа-сингилларнинг иши кўриб чиқилиб, уларга тегишли жазо белгиланди.