Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида ҳар йили “йил имоми” кўрик танлови ўтказилиб келинмоқда. Танловни ўтказишдан мақсад Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунини ҳаётга татбиқ этиш, интизомли, илғор, ташаббускор, тадбиркор, нутқи равон ва кенг омма афкорига ўз фикрини теран тушунтириб, етказиб бериш қобилиятига эга бўлган энг иқтидорли, ҳар томонлама фаол йил имом-хатибларни аниқлаш ва кенг жамоатчиликка маълум қилиш ҳисобланади.

Жорий йилнинг 5 август куни Тошкент шаҳрида ҳам мазкур танловнинг шаҳар босқичи бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳрининг 11 та туманидан ғолиб бўлган имом-хатиблар қатнашди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими хабар берган.

Кўрик танлов қатнашчилари Қуръони карим оятларининг тафсири, турли фиқҳий масалалар, Ислом тарихи, ақидапараст оқимлар ва уларнинг сохта иддаолари мавзулари бўйича синовдан ўтишган.

Шунингдек, иштирокчиларнинг оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Кўрик танлов давомида қатнашчилар ўзларининг билимдонлик, ҳозиржавоблик ва илмий салоҳиятларини яна бир намойиш этишган.
Якуний босқич натижаларига кўра, биринчи ўрин Тошкент шаҳар Олмазор тумани “Тўхтабой” жоме масжиди имом-хатиби Исоқжон Бегматовга насиб этди. Иккинчи ўринга Тошкент шаҳар Учтепа тумани “Абу Ҳанифа” жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммадамин Алихонов эришди. Учинчи ўринга эса Тошкент шаҳар Яккасарой тумани “Ракат” масжиди имом-хатиби Роббимқул Муҳаммадиев лойиқ топилди.
Тадбир сўнгида, ғолиблар ва барча иштирокчиларга эсталик совғалари топширилди.

Эслатиб ўтамиз, “Йил имоми-2015” танловининг Тошкент шаҳар ва вилоят босқичлари, шунинг билан ўз ниҳоясига етди. Қуйидаги ғолиб имом-хатибларимиз танловнинг Республика босқичида иштирок этишади:
1) Салимжон Юнусов, Андижон вилояти Избоскан тумани “Умар ибн Хаттоб” жоме масжиди имом-хатиби;
2) Салоҳиддин Гадоев, Бухоро вилояти Бухоро шаҳар “Хўжа Исмат” жоме масжиди имом-хатиби;
3) Султон Валиев, Жиззах вилояти Жиззах шаҳар “Нижонлик” жоме масжиди имом-хатиби;
4) Абдулвоҳид Ҳакимов, Навоий вилояти Кармана тумани “Жалойир” жоме масжиди имом-хатиби;
5) Босит Мамадалиев, Наманган вилояти Наманган шаҳар “Абдуллоҳ ибн Масъуд” жоме масжиди имом-хатиби;
6) Қамариддин Бахриев, Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳар “Хўжа Абду Дарун” жоме масжиди имом ноиби;
7) Улуғбек Қобилов, Сирдарё вилояти Сирдарё тумани “Пахтакор” жоме масжиди имом-хатиби;
8) Низамиддин Чориев, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар “Мурч бобо” жоме масжиди имом-хатиби;
9) Ёқуб Бухорбоев, Тошкент вилояти Бекобод тумани “Чаноқ” жоме масжиди имом-хатиби;
10) Исоқжон Бегматов, Тошкент шаҳри Олмазор тумани “Тўхтабой” жоме масжиди имом-хатиби;
11) Абдуқуддус Исақов, Фарғона вилояти Қўқон шаҳар “Зайнул Обидин” жоме масжиди имом-хатиби;
12) Маҳмуджон Собиров, Хоразм вилояти Урганч тумани “Ғоиб ота” жоме масжиди имом-хатиби;
13) Руҳиддин Акбаров, Қашқадарё вилояти Қарши тумани “Акбар Ҳалифа” жоме масжиди имом-хатиби;
14) Бахраматдин Разов, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус тумани “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжиди имом-хатиби.