Ўзбекистонда Урганчда содир бўлган мудҳиш воқеага ўхшаш воқеа камдан-кам учрайди. Бундай ҳолатлар ЙТҲларда, ёнғинларда юз бериши мумкин. Бироқ Урганчдаги “Ёшлар кўли” маданият ва истироҳат боғида содир бўлган воқеа бутун Ўзбекистонни ларзага солди.

Фожиа 8 август куни, шанба оқшоми бу мўъжаз боғга анънавий равишда минглаб одамлар хордиқ чиқаргани келган пайтда юз берди. Гувоҳларнинг айтишича, бу гал боғда одатдагидан кўпроқ одам йиғилган эди. Бунга кўлдаги сунъий оролда Хоразм вилоятида ёшлар орасида оммалашган ёш хонанда Наврўз Собировнинг концерт бераётгани сабаб бўлган. Концертни томоша қилиш илинжида юзлаб одамлар ўша мудҳиш кўприк устида йиғилишган. Концерт одамларнинг олқишлари, ҳайқириқлари садоси билан бошланиб, сал ўтмай тўсиқларнинг синиши, сувга йиқилаётган одамларнинг шовқин-суронлари билан тугади. Фавқулотда ҳодиса қурбонларга олиб келди.

Ушбу ҳолат юзасидан тузилган Ҳукумат комиссияси воқеа сабабларини ўрганмоқда, интернетда эса бу фожиа катта баҳс-мунозарага сабаб бўлмоқда. Кимдир кўприк хавфсизлик талабларига жавоб бермаганини айтиб, қурувчиларни уқувсизликда айбласа, кимдир ушбу концертни ташкил қилиб, хавфсизлик чораларини кўрмаганларни айбламоқда. Яна кимлардир ўзини ҳаддан зиёд жўшқин тутган одамларни айбламоқда.

“Ҳозир ҳамма қурувчиларни айблай бошлайди. Бироқ исталган конструкция ўзининг мустаҳкамлик чегарасига эга. Мен тўсиқларни пайвандлашда баъзи жойларда нуқсонлар бўлганини истисно этмайман, бироқ бу тўсиқлар унга юзлаб одамлар ётиб олиши учун қилинмаган. Ўйлашимча, кўпчилик одамлар бу тўсиқларга бор гавдалари билан тиралиб олишган, баъзилар эса уларга фарзданларини ўтказиб қўйгандирлар, баъзи ёшлар эса оёқларини осилтириб унга ўтириб олган бўлишлари ҳам мумкин. Европа, Лотин Америкаси футбол майдонларида мухлислардан ҳимоя қилиш учун тўсиқлардан фойдаланилади. Бу тўсиқлар омма уларга ҳужум қилиши мумкинлигини ҳисобга олиб ишланади. Лекин бу ерда аввалбошда бундай вазифа турмаган. Ташкилотчиларнинг масъулиятсизлиги туфайли кўплаб одамлар қурбон бўлди”, деб ёзмоқда Дониёр Анорбаев исмли фойдаланувчи.

"Шак-шубҳасиз, кўприк қурувчилари ҳам, концерт ташкилотчилари ҳам жавобгарликка бирдай тортиладилар. Бироқ бу фожиада одамларнинг ўзи ҳам қисман сабабчи бўлмоқда, чунки уларда баъзан оддийгина ўзини тутиш одоби етишмайди. Ҳаммамиз халқ сайлларида ва байрамларда баъзи одамлар, шу жумладан ёшлар, ўзларини ахлоқсизларча тутиб кўчаларни ифлослантираётганлари, тўсиқлардан сакраб ўтаётганлари, ўзларини калтафаҳмларча тутаётганларининг гувоҳи бўлганмиз. Бироқ қизиғи, бизлар бундайларга бефарқ бўлиб қолганмиз", дейди яна бир интернет фойдаланувчиси.

"Бу ерда мутассади муассасалар ходимлари ҳам ўзларини яхши томондан намоён қилдилар, деб айта олмаймиз. Нима учун улар бунчалик кўп миқдордаги одамларнинг кўприкда йиғилишларига рухсат берди? Нима учун тартибни назорат қилмади? Ахир, 100 кишидан иборат бўлган тадбирлар милиция ходимларисиз ўтказилмаслиги кўзда тутилган-ку? 

Нима учун қутқарув хизмати ўз вақтида жавоб бермади? Агар бу боғда шундай хизмат бўлган бўлса ҳали... Хавфсизлик хизматларининг масъулиятсизлиги ҳам бу фожиага катта даражада сабаб бўлган. Агар улар ўз вазифаларини тўлақонли адо этишганда, балки бундай оғир мусибат бўлмасмиди...

Фожиа қурбонларининг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз, жароҳат олганларга эса тезроқ тузалиб кетишларини тилаб қоламиз", дейилади telegraf.uz нашрида.