«Вольфсбург» жамоасининг бельгиялик яримҳимоячиси Кевин Де Брюйне ўз фаолиятини "Манчестер Сити"да давом эттириши ойдинлашмоқда.

Nieuwsblad нашрида маълум қилинишича, 24 ёшли ушбу футболчи "Манчестер Сити" билан 6 йиллик шартнома имзолайди ва ҳафтасига 320 минг евро маош олади.

Таққослаш учун, "Челси"нинг бошқа бир бельгиялик юлдуз футболчисининг ҳафталик маоши 280 минг еврога тенг.

Инглизлар жамоаси «Вольфсбург»га Де Брюйне учун 69 млн евро тўлаши айтилган.

Маълумот учун, Де Брюйне ўтган мавсумда Германия бундеслигасининг 34 ўйинида майдонга тушиб, 10та гол урган ва 21та голли узатма амалга оширган.

Бироз олдинроқ, "шаҳарликлар" 24 ёшли футболчини 15 август куни бўлиб ўтадиган "Челси"га қарши ўйингача сотиб олиши ҳақида хабар берилганди.

Қайд этиш жоизки, бу футболчини "Челси" 2013 йилда "Вердер"дан харид қилган ва 1 йил ўтиб «Вольфсбург»га бериб юборганди.