“Барселона” ҳужумчилари Лионель Месси ва Луис Суарес ҳамда “Реал” ҳужумчиси Криштиану Роналду УЕФА талқини бўйича 2014/15 йиллардаги мавсумда Европанинг энг яхши ўйинчиси номига даъвогарлик қилишмоқда, деб хабар бермоқда УЕФА расмий сайти. Мукофот эгаси 27 августда маълум бўлади.

Совриндорни аниқловчи ҳакамлар ҳайъати УЕФАга кирувчи барча 54 футбол уюшмаси номидан вакиллик қилувчи журналистлардан ташкил топди. Ҳайъатнинг ҳар бир аъзоси унинг фикрича мавсумнинг энг яхши 5 нафар  ўйинчиси номини айтди. Ҳар бир 1-ўрин учун футболчи 5 очко, 2-ўрин учун 4 очко ва ҳ.к. очко олди. 35 нафар номзоддан 10 нафар энг яхши футболчи овоз беришнинг иккинчи босқичига ўтди. Унинг натижаларига кўра уч нафар номзод танлаб олинди.   

27 августда Монакода бўлиб ўтадиган 2015/16 йиллардаги мавсумда Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичига қуръа ташлаш пайтида ҳакамлар ҳайъати уч номзоддан энг яхшисини танлаб олади. Аввалги йиллар бу мукофотга Лионель Месси (2011), Андрес Иньеста (2012), Франк Рибери (2013) ва Криштиану Роналду (2014) лойиқ деб топилган эди.

Етакчи ўнталикка шунингдек Жанлуижи Буффон, Неймар, Эден Азар, Андреа Пирло, Артуро Видаль, Карлос Тевес ва Поль Погба ҳам киритилган эди.