Microsoft компанияси Sway дастурининг тақдимотини ўтказди. Ушбу дастур тақдимотлар, ҳисоботлар ва рақамли лавҳалар тайёрлашга мўлжалланган. Айтилишича, у машҳур PowerPoint дастурини ушбу бозордан сиқиб чиқариши мумкин.
PowerPoint’дан фойдаланиш тақдимотлар яратишда аллақачон оддий ҳолга айланиб улгурган. Шу билан бирга, унинг имкониятлари барча конференциялар ва тадбирларда қайта-қайта намойиш этилгани боис бироз эскиргандай туюлади. Sway эса бу соҳага янгилик олиб киришга, тақдимотлардан кўп фойдаланувчиларга янги имкониятлар беришга мўлжалланган.
Унинг PowerPoint’дан устун томонилари сифатида қуйидагилар кўрсатилмоқда:
Барча платформаларда қўллаш имконияти – Sway’нинг веб-версиясидан фойдаланиш ёки унинг Windows 10, iPhone ва iPad’га мўлжалланган версияларини кўчириб олишингиз мумкин.
Веб-контент билан интеграция – Sway интернет билан биргаликда ишлашга ихтисослаштирилган. Бир неча осон ҳаракатлар билан слайдларга Twitter, Facebook ва Pinterest’даги постларни, OneDrive, YouTube, SoundCloud, Vine, Vimeo, Flickr, Giphy’даги мультимедиа материалларини жойлаштириш мумкин бўлади.
Соддалик – PowerPoint профессионал дастури ҳисобланади, Sway’да эса махсус кўникмаларсиз ишлаш мумкин.
Ниҳоят, дастур бепулдир. Уни Microsoft’да ўз саҳифасига эга ҳар қандай фойдаланувчи кўчириб олиши мумкин.