Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон ҳукумати Россия элчихонасини Тошкент шаҳрида давом этаётган архитектуравий янгиланишлар муносабати билан Пушкин ҳайкалининг бошқа жойга кўчирилиши режаси тўғрисида огоҳлантирганини маълум қилди.

Россия ташқи ишлар вазирлиги хабарида қайд этилишича, мазкур ёдгорлик ўзида узоқ йиллар давомида буюк шоир қолдирган маънавий мероснинг республикалар маданияти, рус-ўзбек маданий алоқаларининг мустаҳкамлашида бемисл роль ўйнайди.

“Россиялик ватандошлар ва ўзбек жамияти шоир ижоди ва ҳаёти билан боғлиқ хотира кунларида унинг пойида жам бўлиш анъанага айланиб улгурган”, дейилади РИА Новости нашри хабарида.

Шу муносабат билан Россия томони ёдгорликнинг кўчирилишида янги ўрнатилган жойнинг шаҳарликлар ташриф буюриши ва у ерда турли маданий тадбирларнинг ўтказилиши учун қулай бўлиши таклифи билдирилди. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги Россия ТИВнинг мазкур таклифини қизиқиш билан қарши олди, дея қўшимча қилинади хабарда.

Хабар сўнгида қайд этилишича, Ўзбекистондаги рус маданий маркази Тошкент шаҳар ҳокимиятига ёдгорликнинг қулайроқ жойга кўчирилиши таклифи билан юзланган. Унинг аввалги ўрни эса катта шоҳкўчалар кесишмасида жойлашган бўлиб, оммавий тадбирларнинг ўказилишида ноқулайлик туғдирар эди.

Архитектура ва қурилиш давлат қўмитаси раҳбари ўринбосари Азамат Тўхтаевнинг маълум қилишича, Пушкин ҳайкали ўрнатилиши кўзда тутилган янги жой янги маданий объект – “Пушкин даври” боғига айлантирилади. Ушбу истироҳат боғидаги ишлар август ойи охирларига қадар давом этади.

Тошкент шаҳридаги Пушкин ҳайкали шоир таваллудининг 175 йиллиги муносабати билан 1974 йили бунёд этилган эди. Бронза ва гранитдан ишланган ёдгорлик россиялик ҳайкалтарош Михаил Анушкин ижодига мансуб. Ҳар йили 6 июнь – рус тили куни ва Пушкин таваллуди муносабати билан бу ерда тантанали маросим ўтказилиб, унинг пойига гуллар қўйилади.