"Барселона" жамоасига Европа Суперкубогида ғалаба келтирган гол муаллифи бўлган қанот ҳужумчиси Педро Родригес ўзининг жамоани тарк этишни истамаётгани ҳақида гапириб ўтди.

Ўйиндан олдин жамоа спорт директори Роберт Фернандес унинг кетишни истаётгани ҳақида айтиб ўтганди.

"Роберт жудаям ғалати баёнот берди. Менинг унинг сўзларига қўшилмайман. У менинг "Барселона"да ўтказган даврларим ҳақида ҳеч нарса билмайди.
Мен президент ва бошқа кишилар билан гаплашдим. Мен ҳамиша жамоа билан биргаман. Мен ҳақимда бундай гап айтиш тўғри эмас.
Мен гол урдим. Лекин бу гол жамоаники. Янги соврин ва янги ғалабали лаҳзалар учун жуда хурсандман", дейди Педро.

As нашри журналисти ундан жамоанинг асосий таркибига кира олиш имкониятларини сўраганида эса у қуйидагича жавоб берди.
"Бу қийин вазият. Ўйиннинг илк дақиқаларидан майдонда ҳаракат қила олмаслигимдан хафа бўламан. Лекин мен бу вазиятда ўзимни профессионаллардек тутишим керак. Мен бугунги ўйинда ҳам Неймарнинг жароҳати туфайли асосий таркибда тушишим керак эди, лекин мураббий Рафиньяни танлади".

"Мен жамоадан кетишни истамайман. Лекин вазият бошқа жиҳатлар туфайли оғирлашмоқда. Гап пулда эмас. Мен жамоада ўйин амалиётига эга бўлмаяпман. Лекин ўйнагим келяпти. Кетиш ёки қолишимдан қатъи назар, "Барселона" ҳамиша менинг жамоам бўлади", дейди 28 ёшли ҳужумчи.

Маълумот учун, Педронинг хизматларига Англиянинг "МЮ", "Манчестер Сити" ва "Челси" жамоаларидан қизиқиш мавжуд.

Ўтган мавсумда Педро "Барселона" сафида 35та ўйинда асосан захирадан майдонга тушиб, 6та гол ва 6та голли узатма муаллифига айланган.