Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасидаги божхона пунктлари Қирғизистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиши билан ишдан тўхтади. Чегараларнинг очилиши ҳақидаги фармон давлат раҳбарлари томонидан телекўприк пайтида берилди. Очилиш маросимида бевосита Қирғизистон бош вазири Темир Сариев ва Қозоғистон бош вазирининг ўринбосари Бақитжон Сагинтаев иштирок этишди.
“Қирғизистоннинг ЕИИга аъзо бўлиши муҳим ҳодисадир. Божхона чегараларининг очилиши икки томонлама бизнесни ривожлантиришда қўл келади. Биз ижобий натижаларни кўрамиз, – деди Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев. – Ҳозир инқироз давом этмоқда. Бу савдо кўрсаткичларини ёмонлаштирмоқда. Аммо истиқболда иттифоқ мамлакатларимиз фаровонлигининг ошишига олиб келади”.