Россияда ойдан ойга “етиб олиш” учун бир кишига зарур бўлган маблағнинг энг кам миқдори 22.7 минг рублни ташкил этади. Мамлакат фуқаролари ушбу фикрни Умумроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўровнома вақтида билдиришган. Сўровнома натижалари марказ сайтида эълон қилинган.

Турли аҳоли пунктларида яшовчи аҳоли вакилларидан олинган сўровнома натижасига кўра, 22,7 минг рубл — ўртача кўрсаткич ҳисобланади. Бунда Москва ва Санкт-Петербург шаҳарлари аҳолиси камтарона ҳаёт кечириш учун киши бошига 25 минг рубль зарурлигини билдирган бўлса, қишлоқ жойларда 17 минг рублга ҳам кун кечириш имкони борлиги таъкидланган.

Сўровнома қатнашчиларининг фикрича, камбағал деб ойига 11 минг рубль атрофида давромад кўрувчи оилаларни айтса бўлади. Жумладан, пойтахтдаги “бечора”лар 12,5 минг топувчилар экани айтилган бўлса, қишлоқларда даромади 10 минг бўлганларнинг камбағал экани белгилаб ўтилган.

Марказ ўтказган сўровномада июль ойи аввалида 130та аҳоли пунктидаги 1600 киши иштирок этди. Статистик хатолик эса 3,5 фоизни ташкил этади.

Россияда 2015 йилда энг кам даромад миқдори 9662 рубль, Москвада 14300 рубль сифатида белгиланган.