“Тахтлар ўйини” (“Игра престолов”) сериалининг янги мавсумида эпизодик роллардан бирида Буюк Британия шаҳзодаси Гарри роль ижро этиши мумкин. Британ ОАВларининг маълум қилишича, HBO телеканали раҳбарияти қиролича Елизавета II нинг неварасига сериалда роль таклиф этди ва шаҳзоданинг талабларига кўра суратга олиш жадвалига ўзгартириш киритишга ҳам тайёр.

Бунда ҳал қилувчи сўзни қиролича Елизавета II айтиши тахмин қилинмоқда. Гаррининг ўзи эса роль ижро этишга мойиллик билдирмоқда. Бу ташаббус нима билан тугашини 2016 йилнинг апрелига яқин, сериалнинг олтинчи мавсуми бошланганда билиш мумкин бўлади.

Агар шаҳзода Гарри сериалда роль ижро этса, бу ҳақиқий шаҳзоданинг АҚШ телесериалида илк бор пайдо бўлиши бўлади. Бунгача фақатгина Йорк герцогиняси Сара Фергюсон “Дўстлар” сериалида роль ижро этган.

“Тахтлар ўйини” сериали ёзувчи Жорж Мартиннинг 1996 йилдан ҳозирги кунгача чоп этилаётган “Муз ва Олов қўшиғи” фантастик афсонасининг саҳналаштирилган версияси ҳисобланади. Сериал 2011 йил апрелдан бери намойиш этиб келинади.