Ўтган йили Россия олийгоҳларидаги хорижлик талабалар сони 11.9 фоизга ўсиб, 156 211 кишини ташкил қилди. Бу маълумот Россия таълим вазирлиги ижтимоий тадқиқотлар марказининг ҳисоботида келтирилди.
Маълум бўлишича, Россиянинг 673 олийгоҳида 2014 йили 168 мамлакат фуқаролари таҳсил олган.
Чет эллик талабалар сони асосан МДҲ давлатлари (асосан Қозоғистон, Туркманистон ва Украина) вакиллари ҳисобига ўсган. Айрим давлатлар вакилларининг сони қисқариб борган, улар орасида биринчи ўринда АҚШ турибди. АҚШ вакилларининг сони бир йил ичида 2118дан 1630га, Мьянма вакиллари 1383дан 1093га, Бразилия вакиллари 740дан 530га камайган.
Россияда таҳсил олаётган хорижликларнинг энг катта қисми Қозоғистон фуқароларидир – 27 500 киши. Иккинчи ўринда Хитой (18 200), учинчи ўринда Туркманистон (12 100) турибди.
Минтақалар бўйича биринчилик МДҲга тегишли – ўтган йили уларнинг сони 69 689 кишини ташкил қилган бўлса, энди 80 910 кишига етди. Осиё мамлакатлари вакиллари сони 39 162 нафардан 41 722 нафарга, Африка мамлакатлари вакиллари сони 8 379 нафардан 9 319 нафарга етди.