13 август куни бутун дунёда Чапақайлар куни нишонланди

Жамият 13 Август 2015 2728

Бугун, дунёдаги кўплаб мамлакатларнинг ОВАларида "13 август - Чапақайлар куни" номи остида материаллар чоп этилди.

Хусусан, Ҳиндистондаги The Times Of India нашрида чапақайлар тўғрисида турли маълумотлар берилди, Буюк Британиядаги Metro нашрида эса чапақайлар ҳаётидан лавҳалар келтирилди.

International Business Times нашри эса ўз ўқувчилари орасида шундай алоҳидаликка эга бўлган кишиларни "Чапақайлар куни" билан табриклади. Газетада машҳур киноюлдузлар Анжелина Жоли, Том Круз, Роберт Де Ниро, Николь Кидман, Жулия Робертс ва Скарлетт Йоханссон номлари санаб ўтилди.

IBT нашри Пол Маккартни, Жими Хендрикс, Леди Гага, Курт Кобейн, Пол Саймон, Билли Корган ва Жастин Бибер каби мусиқа олами вакиллари ҳам чапақайлар тоифасидан эканини келтириб ўтган.

Ўз навбатида Ўзбекистонда фаолият кўрсатадиган TIB.UZ нашрида ҳам бу кун муносабати билан катта мақола нашр қилинди.

Биласизми, дунё аҳолисининг 10 фоизи ёки ҳар етти инсоннинг бирини умумий жиҳат боғлаб туради. Буни айрим мутахассислар болаликдаги нотўғри тарбия оқибати дея таъкидлашса, баъзи олимлар уни наслдан наслга мерос бўлиб ўтувчи феномен сифатида баҳолашади. Яна бир гуруҳ олимлар эса унга инсоният тамаддунининг қайсидир босқичида ташқи омиллар натижаси ўлароқ рўй берган тасодифий мутация маҳсули деб қарашади.

Сарлавҳаданоқ англагансиз, гап чапақайлик устида кетмоқда. Илмий жиҳатдан, шахсий юмушларни асосан чап қўлда бажарувчилар чапақай деб аталади. Бироқ чап қўлда ёзиш‑чизиш ишларини олиб бориш чапақайликни аниқловчи асосий мезон бўла олмайди. Чунки, орамизда ўнг қўлда ёзиб, ўнг қўлда овқатланувчи чапақайлар ҳам йўқ эмас. Шунингдек, ўзгалардан фарқли равишда, ўнг кўз, ўнг қулоғи ёки ўнг оёғи етакчи ҳисобланган чапақайлар ҳам йўқ эмас.

Статистик маълумотларга қараганда, бугунги кунда сайёрамизда 500 миллион нафарга яқин чапақай истиқомат қилмоқда. Қизиғи шундаки, уларнинг аксарияти эркаклардан иборат. Бу ҳолат бир тухумҳужайрали (моногизот) эгизаклар, эпилепсия, Даун синдроми, аутизм, дислекция ва ақлий ривожланишдан ортда қолган кишилар орасида ҳам кўпчиликни ташкил этиши аниқланган. Жумладан, моногизот эгизакларнинг 76 фоизида қисман ирсий, қисман экологик омилларга кўра чапақайлик кузатилади.

Шарқий Европа, Жанубий ва Жануби Шарқий Осиё ҳамда Австралияда чапақайлар бошқа минтақаларга қараганда кўпроқ учрайди.

Манбаларда келтирилишича, бола 4 ёшга киргунга қадар унинг чапақайлигини билиш мумкин. 6-7 ёшга келиб бош мия тўлиқ шаклланиб улгуради ва бу ҳақда аниқ айтиш имкони туғилади. Айрим болаларда эса чапақайлик дастлаб яширин тарзда кечиб, улар ҳар иккала қўлидан бирдек фойдалана оладилар. Бу ҳол илмий тилда амбидекстрия деб аталади. Ўтказилган тадқиқотларда айни пайтда дунё миқёсида амбидекстрлар сони тобора ортиб бораётгани маълум бўлди. Бундай инсонларда бош миянинг ҳар икки ярим шари ҳам аксарият кўпчиликдан фарқли равишда бирдек фаол ишлайди.

Бироқ вақт ўтиши билан чапақайлик даражаси пасайиб бориши қайд этилган. Масалан, Америкада 20 ёшгача бўлганлар орасида чапақайлар 12 фоизни ташкил этган бўлса, 50 ёшлиларнинг фақатгина беш фоизи, саксондан ўтганларнинг бир фоизи чапақай экани маълум бўлди.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, бунга айниқса таълим олиш жараёнида чапақайларга аксарият юмушлар — ёзиш-чизиш, овқатланиш, спорт билан шуғулланиш каби юмушларни ўнг қўлда бажаришга мажбурлаш ёки рағбатлантириш сабаб бўлар экан.

Яна бир фаразга кўра, чапақайларнинг камайиб кетишига жамиятда белгиланган нормалар сабабчи ҳисобланади. Бироқ буларнинг барчаси тахминлар холос.

Асосий фарқлари

Қадимдан чапақайларга ёмон кўз билан қараш одати мавжуд бўлиб келган. Балки бунга кўпгина халқларда чап сўзи ёмонлик, ёлғончилик, ўнг эса тўғрилик, яхшилик, ҳақиқат рамзи экани ҳам сабабдир. Аммо сўнгги вақтларда ўтказилган айрим изланиш ва олиб борилган кузатувлар ростдан ҳам чапақайлар руҳияти ва саломатлигида ноодатий ўзига хосликлар мавжудлигини кўрсатди. Уларда ичкиликбозлик, жиноятчилик, турли ўйинларга берилувчанлик, шунингдек, юқумли ва руҳий хасталикларга мойиллик юқори экани маълум бўлди.

2007 йили Оксфорд университетида ўтказилган тадқиқотларда ҳам чапақайликка мойиллик уйғотувчи LRRTM1 гени шизофренияга чалинган беморларда ҳам мавжудлиги ўз исботини топди. Бироқ кейинроқ Калифорния университети олими Даниэл Гешвинд мазкур фаразни рад этиб, бу каби руҳий хасталикларнинг келиб чиқиши биргина генга боғлиқ эмаслигини таъкидлаб ўтди.

Чапақайлар бош миясининг бошқалардан фарқли жиҳати ҳамон етарлича ўрганилмаган. Бироқ олимларга бош миянинг чап ва ўнг ярим шарлари қандай вазифаларни адо этиши маълум. Унга кўра, чап ярим шар асосан маълумотларни таҳлил қилиш ҳамда мантиқий фикрлашга хизмат қилса, бош мия ўнг ярим шарлари ҳиссиёт ва сезгиларга кўпроқ жавоб беради. Чапақайларда асосий бошқарув бош мия ўнг ярим шари, бошқаларда эса бу чап ярим ашр орқали амалга ошишидан келиб чиқсак, чапақайларда туйғулар ва ҳиссиётлар мантиқий фикрлаш, бирор ишга ақл билан ёндошишдан кўра устунроқ туради.

Хусусан, таълим олишда, агар ўқувчи ўнг қўли билан ёзса, ахборот бош миянинг чап ярим шарида таҳлил қилинади. Бироқ чапақайда вазият бошқачароқ. Яъни, уларда бош миядаги таҳлил маркази ҳар иккала яримшарда жойлашган. Балки шу сабабдандир, чапақай-сиёсатчи ва чапақай-спортчилар ўз фаолиятида вазиятга “ўнгчи”лардан кўра бошқачароқ ёндашиб, кўпроқ натижага эришадилар.

Буни 2006 йили Австралия университетида ўтказилган тадқиқот натижалари ҳам тасдиқлагандек. Унга кўра, компьютер ўйинларида чапақайлар тезроқ кўпроқ ғалаба қозонишган. Олимлар буни чапақайлар бош мия шарларининг ўзаро ахборот алмашиши бошқалардан тезроқ экани билан изоҳлашган.

Шу билан бир қаторда, чапақайлар ва “ўнг тарафчи”ларнинг ахборотларни таҳлил қилиши ҳам турлича кечади. Жумладан, чапақайлар бирваракайига визуал фикрласа, ўнгчилар кетма-кетликда таҳлил қилишади. Буни қуйидагича тасаввур қилиш мумкин: мингта оқ ва битта қизил коптокчани топиш керак бўлса, ўнгчилар уларни кетма-кет қараб чиқишади. Чапақайлар эса ҳаммасига бир вақтда назар ташлаб, қизилини осонгина топиб олади. Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ўнг қўлда юмуш бажарувчилар аввал бир вазифани адо этиб, сўнгра бошқасига ўтади. Шунингдек, улар маълумотларни таҳлил қилишда “анализ” усулидан фойдаланади. Яъни, аввал муаммони қисмларга бўлиб, сўнгра уларни бирма-бир ўрганиб чиқади ва керакли ечимни топади. Чапақайлар эса бир вазифадан иккинчисига тез-тез ўтади ва таҳлил қилишда “синтез” усулини қўллайди — масалага яхлит назар ташлайди.

2006 Лафейет коллежи (ингл. Lafayette College) ва Жон Хопкинс (ингл. Johns Hopkins University) университети мутахассислари ҳамкорликда ўтказган изланишларда коллежни тамомлаган чапақайлар бошқалардан 15 фоиз, университет битирувчилари эса 26 фоиз бойроқ экани маълум бўлди.

2006 Лафейет коллежи (ингл. Lafayette College) ва Жон Хопкинс (ингл. Johns Hopkins University) университети мутахассислари ҳамкорликда ўтказган изланишларда коллежни тамомлаган чапақайлар бошқалардан 15 фоиз, университет битирувчилари эса 26 фоиз бойроқ экани маълум бўлди.

Чапақайлик сабаблари

Баъзи ҳолларда касаллик ёки туғма нуқсонлар сабаб бош миянинг чап ярим шарига шикаст етиши ҳам чапақайликка олиб келиши мумкин. Шунингдек, ўнг қўлдан олинган жароҳат узоқ вақт битмаслиги натижасида чап қўлдан фойдаланиш ҳам чапақайликни келтириб чиқаради.

Айрим мутахассислар тахминига кўра, ҳомила қонида тестостерон гормони ҳаддан зиёд кўп бўлса ҳам чапақай гўдакнинг туғилишига олиб келади. Гешвинд назарияси деб ном олган мазкур тахминга кўра, машҳур невропатолог Норман Гешвин ҳомиладорлик вақтида тестостерон гормони бош мия яримшарларининг перинатал ривожланиши тезлигига таъсир кўрсатиб, турли ўзгаришларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлаб ўтган. Олимнинг фикрича, айниқса ўғил болалар бош миясининг чап ярим шарида тестостерон таъсирида ривожланишда сустлик кузатилади. Агарда чап ярим шарда нейронларнинг белгиланган нуқталарни эгаллаш – миграция жараёни етарлича кечмаса, чапақайликка сабаб бўлади. Гешвиннинг қайд этишича, чапақайлар иммун тизими хасталикларига кўпроқ учрашади. Бунга эса қондаги меъёридан ортиқча тестостерон гормони ҳам сабабчи ҳисобланади.

Америкалик олимлар ўтказган тадқиқотлар ҳар бир чапақай ушбу “қусур”дан халос бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Бунинг учун улар миясидаги керакли нуқталарга аниқ электромагнит нурланишларни йўналтириш талаб этилади.

Ноқулайлик томонлари

Бугун ҳар етти кишининг бири чапақай бўлса ҳам, кўпчилик ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларида бу инсонларнинг физиологик ўзига хослигини инобатга олмаётгани кузатилмоқда. Жумладан, эшик қулфлари, компьютер сичқончалари (улардан чап қўлда фойдаланиш учун махсус созламаларга мурожаат қилиш талаб этилади)дан тортиб, кўпгина рўзғор буюмлари чапақайлар учун ноқулайлик туғдиради. Бу эса уларнинг давомий стрессга дучор қилиши кўп кузатилади.

Шундай бўлса-да, чапақайлар Микеланжло, Леонарда да Винчи, Людвиг ван Бетховен, Уинстон Черчилл, Марк Твен, Альберт Эйнштейн сингари кўплаб машҳур инсонлар билан бир сафда эканидан фаҳрланишлари мумкин.

Кун янгиликлари
Банкдаги конвертация машмашаси: «Рўйхатда йўқлар»га хизмат йўқми?
16:50 / 22.08.2017 47677 Ўзбекистон
Ёдгор Саъдиев мудраган ижод аҳли, тирикчиликка айланган ижод, ёш актрисалар ва тўйлар ҳақида 
10:33 / 22.08.2017 64248 Маданият
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 34870 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 19874 Жамият
Халқ таълими вазири билан очиқ суҳбат: янги вазирлик, 10-синф, пахта терими, коррупция ва йиғди-йиғдилар
23:29 / 20.08.2017 75591 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 60414 Жамият
Франция Трампнинг Афғонистон бўйича қарорини қўллаб-қувватлади
18:56 14 Жаҳон
Ўзбекистонда ўзиучар қурилмалардан фойдаланиш корхонаси ташкил этилади
Ҳамза Жумаев телевидениега қайтди
18:38 2332 Жамият
АҚШ миллий разведкаси собиқ раҳбари: Трампнинг Финиксдаги чиқиши кишини қўрқитмоқда
18:33 789 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар