24 ёшида кекса киши каби кўринувчи қозоқ йигити ўз жуфтини топди

Жамият 13 Август 2015 12520

Камдан-кам учрайдиган ирсий касаллик қозоғистонлик Нуржон Ўркешбоевга ўз жуфтини топишга халақит бера олмади.

Нуржон 24 ёшда, бироқ узоқ вақт яшаган қария кўринишига эга. Атирау вилоятида яшовчи бу йигит камёб ирсий касаллик – вақтидан олдин қариш касаллигидан азият чекади. Ҳаммаси бўлиб дунёда бундай касаллар сони 80 нафарни ташкил қилади, Нуржон эса Қозоғистонда бундай касалликка учраган ягона инсон ҳисобланади.

Йигитнинг ота-онаси фарзандининг юзида ўзгаришлар бўлаётганини унинг 4 ёшида пайқай бошлашган, 5 ёшда эса унга “прогерия” ташхиси қўйилди. Нуржон 6 ёшида худди 70 ёшли чол каби кўринишига эга эди.

Ҳозир Нуржон айни кучга тўлган пайти. 2011 йилда жарроҳлар Бўлат ва Ойгул Байировлар йигитни текшириб, йигитнинг касаллиги енгилроқ шаклда эканлиги, унда фақатгина терининг ўзи азият чекишини аниқлашди. Қоида бўйича вақтидан олдин қариш ички органларга ҳам таъсир қилади. Кўпинча бундай касаллар туғилганиданоқ азият чекиб, камдан-кам ҳолатда балоғат ёшигача етиб боради.

Олма-отада Нуржонга бир нечта пластик операция қилинди. Шифокорлар йигитнинг бошига катта қийинчиликлар тушганига қарамасдан, у жуда хушчақчақ ва киришимли эканини айтишмоқда.

Яқинда Нуржон Ўркешбоев уйланди. Унинг тўйи 7 августда, Нуржоннинг туғилиб ўсган макони – Атирау вилоятининг Мукур посёлкасида бўлиб ўтди. Тўйда 500 га яқин одам меҳмон бўлди. Бу никоҳга таниқли россиялик телебошловчи Андрей Малахов ҳам таклиф этилган эди. 2012 йилда Нуржон унинг кўрсатувига борган эди. Бироқ бу гал шоумен билан Нуржоннинг учрашуви амалга ошмади, унинг келишини бу ерда ҳамма кутган эди. 

Нуржон ўзининг рафиқаси Асомгул билан бир неча йил учрашиб юриб, шифохонадан чиққандан кейин оила қуриш нияти борлиги ҳақида қизга айтган. Куёвнинг айтишича, тўй хурсандчилик ва тўкин-сочинчилик билан ўтди.

Кўпроқ янгиликлар