Австралияликлар қуёш батареяларида ишловчи спорткар яратишди

Технология 13 Август 2015 1598

Австралиянинг EVX компанияси аккумуляторлари қуёш батареяларидан қувватланувчи The Immortus электр спорткарини яратишди. Autoevolutoion нашрининг маълум қилишича, янги автомобиль АҚШда ноябрда бўлиб ўтадиган SEMA тюнинг-шоусида намойиш қилинади.

The Immortus’нинг узунлиги 5 метр, эни 2 метр, баландлиги 1,1 метрни ташкил қилади. Электрокарнинг ғилдираклар базаси 2,5 метрга тенг. The Immortus салони икки кишига мўлжалланган. Бундан ташқари, электромобилда кичкина ўлчамдаги юк учун жой ҳам мавжуд.

The Immortus бир жуфт электр двигателлар ёрдамида ҳаракатга келтирилади. Двигателларнинг умумий қуввати 40 киловаттни (54 от кучини) ташкил қилади. Автомобиль 100 км тезликка 7 сонияда эришади, максимал тезлиги соатига 150 км ни ташкил қилади.

The Immortus’нинг максимал юриш захираси 550 км ни ташкил қилади. Автомобиль майдони 7 квадрат метрни ташкил қиладиган қуёш батареяларидан оладиган қувватининг ўзи билангина соатига 60 км тезлик билан ҳаракатлана олади.

Электрокар серияли тарзда ишлаб чиқарилиши ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган.

Кўпроқ янгиликлар