Каталониянинг «Барселона» клуби яримҳимоячиси Педро Родригесга бир йўла икки Манчестер жамоаси «Манчестер Юнайтед» ва «Манчестер Сити» қизиқиш билдирмоқда.

El Mundo Deportivo нашрининг хабар беришича, «Юнайтед» Каталония клубига 28 ёшли испан футболчисини сотиб олиш учун 25 миллион евро ва қўшимчаси 5 миллион евролик расмий таклиф билан чиққан.

«Сити» ижрочи директори Чики Бегиристайн эса бўлиб ўтган музокаралар чоғида футболчига «шаҳарликлар» 30 миллион қўшимчасига 2 миллион евро бонус таклиф қилган.

Эслатиб ўтамиз, яримҳимоячини сотиб олиш учун шартномада кўрсатилган товон пули 30 миллион еврони ташкил қилади. Нашрда қайд қилинишича, Педро учун курашда «МЮ» фаворит саналмоқда. Сабаби «қизил иблислар» футболчи билан шахсий шартнома борасида келишиб олишган.

Барча қизиқувчи томонлар билан музокаралар Испания Суперкубоги доирасидаги «Барселона» ва «Атлетик» жамоалари ўртасидаги 14 ва 17 август кунлари бўлиб ўтадиган учрашувдан кейин олиб борилади.