2015 йилнинг март ойида синов режимида ишга туширилган Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар портали фаолиятини такомиллаштириш, истиқболда ривожлантириш юзасидан 2015 йилнинг 7 августида Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Очиқ маълумотлар тақдим этилиши ҳисобга олинган ҳолда Интернет тармоғида Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат порталини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 232-сонли қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қарор «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, қонун мақсад-вазифаларини амалга ошириш, амалда татбиқ этиш мақсадида қабул қилинган.

Очиқ маълумотлар портали Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумат портали (www.gov.uz) доирасида фаолият кўрсатади. Портал жисмоний ва юридик шахсларга давлат органлари фаолиятига оид маълумотларни машина ўқийдиган шаклда эркин фойдаланиш учун бепул тақдим қилади.

Портални ривожлантиришга оид ҳукумат қарорига мувофиқ тасдиқланган низомда мазкур электрон ресурсни ривожлантириш, фойдаланувчилар учун зарур маълумотларни тақдим қилиш механизмини такомиллаштириш, Портал оператори ва маълумотларни тақдим қилувчи масъуллар, Портал фойдаланувчилари билан ўзаро алоқаларни тартибга солиш каби чора-тадбирлар белгилаб берилган.

Қарорга мувофиқ, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Очиқ маълумотлар портали фаолиятини шакллантириб бориш ва истиқболда ривожлантириш учун масъул давлат органи этиб белгиланди. Низомда назарда тутилганидек, давлат органлари ўз вақтида Очиқ маълумотлар порталини керакли ахборотлар билан таъминлаш ва маълумотларни янгилаб боришга бевосита жавобгар ҳисобланади. Шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимликларнинг веб-сайтларида «Очиқ маълумотлар» бўлимини ташкил қилиш ва маълулмотлар билан мунтазам тўлдириб бориш вазифаси юклатилган.

Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини ривожлантириш комплекс дастури амалга оширилишини мувофиқлаштириш республика комиссияси томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий сайтларида ва Очиқ маълумотлар порталида эълон қилиниши лозим бўлган очиқ маълумотлар тўпламлари рўйхати тасдиқланиб, Ҳукумат порталида эълон қилинади.

Бугунги кунда Очиқ маълумотлар порталида 50 та давлат органларининг 511 турдаги очиқ маълумотлари эълон қилинган ва 83 минг маротабадан зиёд фойдаланилган. Жумладан, Халқ таълими вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат рақобат қўмитаси, Марказий банк, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа давлат органлари томонидан очиқ маълумотлар тақдим қилиб келинмоқда.