Яқиндагина Польша президентлиги лавозимига ўтирган Анжей Дуда НАТОни альянсда ўз давлатига Россия ва Германия ўртасидаги “оралиқ ҳудуд” сифатида қаралиши сабаб танқид қилди. Поляк етакчисининг фикрлари Британиянинг пайшанба куни чоп этилган "Financial Times" нашрида чоп этилган.

Дуда НАТОдан янада аниқроқ хавфсизлик кафолати ва мамлакат ҳудудида альянс ҳарбийлари сонининг оширилишини сўраган.

“Биз “оралиқ ҳудуд” бўлишни истамаймиз. Биз НАТОнинг ҳақиқий шарқий қаноти бўлишни хоҳлаймиз. Бироқ бугун ҳарбий базалар жойлашуви акс эттирилган харитага назар ташласак, чегара Германия бўйлаб ўтгани ойдинлашади”, дейди поляк етакчиси.

Унинг фикрича, агарда Польша ва бошқа марказий Европа мамлакатлари “НАТОнинг ҳақиқий қанотлари бўлса”, ҳарбий базаларнинг ушбу давлатларда ҳам жойлаштирилиши “табиий ва мантиқий” ҳодиса бўлар эди.

Германия ва НАТОнинг бошқа аъзолари Варшава ҳамда Шарқий Европа давлатларининг улар ҳудудида альянснинг доимий ҳарбий тузилмалари мавжуд бўлиши кераклиги ҳақидаги мурожаатини инкор этиб келишмоқда. Жавоб тариқасида эса биргаликда янги ҳарбий машғулотларни ўтказиш ва барча ҳудудларда ҳарбий контингент алмашинувини амалга оширишни таклиф қилмоқда.