«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази Мустақиллик байрами арафасида «Ўзбекистон: мустақилликнинг 24 йили» мавзусида ижтимоий сўров ўтказди.

Тадқиқотдан кўзланган мақсад мустақиллик йилларида ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва сиёсий соҳаларда эришилган ютуқлар тўғрисида жамоатчилик фикрини ўрганиш, иқтисодиётнинг асосий тармоқларида рўй берган ўзгаришларни, шунингдек, фуқаролар дунёқараши ва тафаккурини, уларнинг сиёсий ва фуқаролик фаоллигини ошганини баҳолаш эди.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилган тадқиқотда аҳолининг турли ижтимоий гуруҳлари (давлат хизматчилари, тадбиркорлар, фермерлар, талаба ва ишчилар), эркаклар ва аёллар, ёшлар, пенсионерлар, турли миллат ва элат вакиллари иштирок этди.

Ижтимоий сўров натижаларига кўра, мамлакатимиз фуқаролари Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 24 йиллигини кўтаринки кайфият, Ватандан ифтихор туйғуси ва келажакка ишонч руҳида кутиб олмоқда. Сўров қатнашчиларининг аксарияти (99,2 фоизи) ўтган вақт давомида мамлакатимиз халқаро миқёсда муносиб ўрин эгаллаб, жаҳон ҳамжамияти томонидан миллати ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, барча фуқаролар учун қулай шароитлар яратилган давлат сифатида эътироф этилганини қайд этди.

Бунга Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан демократик ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар стратегиясининг тўғри танлангани ва пухта ўйлангани туфайли эришилмоқда. Буни сўровда қатнашганларнинг фикри ҳам тасдиқлайди. Масалан, фуқароларнинг 96,8 фоизи иқтисодиётимиз юқори ўсиш суръатлари билан ривожланиб бораётгани, 94,8 фоизи фуқаролар юқори даражада ижтимоий ҳимояга олингани, 96,9 фоизи инсоннинг шахсий хавфсизлиги таъминланиш даражаси ўсгани, 95,7 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун зарур шароитлар яратилгани, 96,1 фоизи халқ ва олий таълим тизими ислоҳ этилаётгани, 96,6 фоизи тиббий хизматлардан фойдаланиш самарадорлиги ўсгани, 96,8 фоизи аҳоли транспорт хизматлари билан юқори даражада таъминлангани, 96,4 фоизи инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, 92,3 фоизи атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида юқори натижаларга эришилаётганини таъкидлади.

Фуқароларимиз хотин-қизларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила ва жамиятда мавқеини юксалтириш, салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни таъминлаш йўлида амалга оширилаётган давлат сиёсатини юқори баҳолади. Айниқса, Кексаларни эъзозлаш йили деб эълон қилинган жорий йилда ёши улуғ инсонларга ҳурмат ва эҳтиром янада кучайди.

Сўров натижалари фуқароларнинг оила, жамият, мамлакат олдидаги шахсий масъулияти ошгани ва ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этаётганидан далолат беради. Мустақиллик йилларида фуқароларнинг қонунларга нисбатан энг юқори рейтинги қайд этилди. Сўров иштирокчиларининг 86,5 фоизи фуқароларнинг инсон ҳуқуқларига нисбатан ҳурмати ошганини таъкидлади. Мазкур натижалар «The World Justice Project» мустақил халқаро ташкилоти томонидан мамлакатимизга юқори баҳо берилгани бежиз эмаслигини яна бир бор тасдиқлайди. Унга кўра, Ўзбекистон қонун устуворлигининг асосий кўрсаткичлари бўйича жаҳондаги етакчи беш давлат сафига қўшилган.

Тадқиқот натижалари мамлакатимиз аҳолисининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга ишончи йилдан-йилга ортиб бораётганини тасдиқлади. Жамоатчилик фикри мустақиллик йилларида давлатимиз раҳбари аҳоли ишончини қозониб, халқимиз томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганидан далолат беради.

Шунингдек, сўров фуқароларимиз давлатимизнинг тинчликпарвар сиёсатини тўлиқ қўллаб-қувватлашини, дунёда юз бераётган ҳозирги нотинч ва таҳликали даврда Ўзбекистонда тинчлик ва осойишталик, миллатлараро ва фуқаролараро тотувлик, чегараларимиз дахлсизлигини сақлаш, барча мамлакатлар билан дўстлик ришталари ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини кўрсатди. Фуқаролар буларнинг барчаси бугунги кунда энг муҳим вазифа эканини яхши англайди.

Мониторинг тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, бугун Ўзбекистон халқи ўзининг фуқаролик позицияси ва қадр-қимматини теран англайди, ўз келажаги, нима учун яшаётгани ва меҳнат қилаётгани ҳақида аниқ тасаввурга эга. Сўров маълумотларига кўра, 2015 йилда фуқароларнинг мамлакатимиз келажаги буюклиги ва янада фаровон бўлишига нисбатан ишончи 98,2 фоизга етган.

Мухтасар айтганда, ўтказилган сўров шундан далолат берадики, Ўзбекистон ўз мустақиллигининг 24 йиллигини ижтимоий-иқтисодий, маданий ва сиёсий ривожланиш борасида янги ютуқлар билан кутиб олмоқда. Ижтимоий сўровнинг асосий хулосаси шундан иборатки, истиқлол йилларида эришилган муваффақиятлар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ишлаб чиқилган, жаҳонда тараққиётнинг «ўзбек модели» деб тан олинган, машҳур беш тамойилга асосланган ва пухта ўйланган тараққиёт моделининг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани самарасидир.

Манба: УзА