Япониянинг автомобиль ишлаб чиқарувчи бир нечта компанияси Хитойнинг Тяньцзин портида жойлашган омборхоналарда рўй берган портлашдан уларнинг автомобиллари жиддий зарар кўрганини маълум қилишди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда.

Эслатиб ўтамиз, чоршанба куни маҳаллий вақт билан соат 23:30да Ruihai Logistics компаниясининг Биньхайда жойлашган иккита омборхонасида кучли портлаш содир бўлди. Омборхонада хавфли маҳсулотлар сақлангани айтилмоқда. Портлаш зарбининг кучлилигидан у маҳаллий сейсмология хизмати томонидан қайд қилинди. Портлаш кучи тротил эквивалентида 3 ва 21 тоннани ташкил қилди.

Toyota вакилларининг маълум қилишича, портлаш зарби унинг автомобиль йиғувчи заводининг ойналарини уриб туширган. Завод бир ҳафтага ёпилгани боис у ерда ҳеч ким бўлмаган, аммо компания дилерлик марказининг икки ходими, шунингдек, компания ётоқхонасида турувчи бир нечта ишчи жароҳат олган.
Шу билан бирга, моддий зарар у қадар катта эмаслиги айтилмоқда.

Subaru брендига эгалик қилувчи Fuji Heavy Industries Ltd. эса портлаш марказидан 2 км наридаги омборхонада сақланган 100 дона автомобилнинг зарарланганини маълум қилди.
Ўз навбатида, Mazda Motor етказилган зарарни бартараф қилиш учун кўргазма залини вақтинчалик ёпиб қўйди.
Тяньцзин портига Хитой автомобиль импортининг 40 фоизи тўғри келади.