13 августга ўтар кечаси Тяньцзинда юз берган портлаш натижасида Хитойнинг турли ҳудудларига тарқатилиши кутилаётган 10 мингтадан ортиқ янги автомобиль ёниб кетган. Бу ҳақда China Daily хабар берди.

Ёниб кетган автомобилларнинг аксари Volkswagen ва Renault русумида бўлган. Немислар концернига тегишли 2748та автомобил, Renault русумидаги 1500дан ортиқ автомобил ёниб кетган. Авто ишлаб чиқарувчилар кўрган зарар миқдори бир неча ўн миллион доллар деб баҳоланмоқда.

Шунингдек, бу ҳодиса натижасида Honda ва Mitsubishi компаниялари ҳам зарар кўрган.
Бироз олдинроқ, Toyota, Mazda ва Subaru ҳам бу портлаш ва ёнғиндан зарар кўргани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, чоршанба куни кечқурун Тяньцзинь портидаги Tianjin Dongjiang Port Rui Hai International Logistics Co. Ltd. Логистика компаниясига тегишли хавфли кимёвий моддалар сақланадиган омборхонада икки марта кучли портлаш содир бўлган эди. Янги олинган маълумотларга кўра, ҳодиса туфайли ҳаётдан кўз юмганлари сони 55 кишидан ошган, 700 нафардан зиёд жароҳатланганлар шифохонага ётқизилган.

Айни пайтда қутқарув операцияси ва портлаш асоратларини бартараф этиш бўйича бошқарув штабига Давлат хавфсизлиги вазири Гуо Шенкунь раҳбарлик қилмоқда.