Чоршанба куни кечаси Хитойнинг Тяньцзин шаҳрида содир бўлган портлашда қурбон бўлганлар сони 55 кишига етди. Бу ҳақда Sina ахборот портали хабар бермоқда.
Синьхуа агентлиги 50 киши ҳалок бўлганини, 701 киши жабрланганини, улардан 71 нафар оғир аҳволда эканлигини маълум қилган эди.
“Бугун фавқулодда вазият ҳудудида яна бешта мурда топилди, бир киши қутқарилди”, – дейилади хабарномада.

Эрталаб қутқарувчилар вайроналар остидан 19 ёшли ўт ўчирувчини чиқариб олишган эди.
Эслатиб ўтамиз, чоршанба куни маҳаллий вақт билан соат 23:30да Ruihai Logistics компаниясининг Биньхайда жойлашган иккита омборхонасида кучли портлаш содир бўлди. Омборхонада хавфли маҳсулотлар сақлангани айтилмоқда. Портлаш зарбининг кучлилигидан у маҳаллий сейсмология хизмати томонидан қайд қилинди. Портлаш кучи тротил эквивалентида 3 ва 21 тоннани ташкил қилди.