УзА мухбирлари Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўлининг қурилиш жараёнидан репортаж уюштиришди

Ўзбекистон 14 Август 2015 7414

УзА мухбирлари Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларини Фарғона водийси билан боғлайдиган, Евроосиё трансмиллий транспорт йўлагининг муҳим бўғини бўлган Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўлининг қурилиш жараёни ҳақида ёзиш учун Қамчиқ довонига боришди.

Биласиз, илгари поездларимиз юк ва йўловчи ташишда қўшни давлатлар ҳудудини кесиб ўтган, бу ортиқча чиқимдан ташқари турли сансалорлигу асаббузарликлар, вақт йўқотишга олиб келган. Янги темир йўллар қуриш, ягона темир йўл тизими барпо этиш дунё океанига чиқадиган денгиз, халқаро транзит йўлларидан олисда ва четда бўлган Ўзбекистонимиз учун ҳаётий зарурат эди.

Президентимиз Ислом Каримов Ватанимиз истиқлолининг дастлабки йиллариданоқ яхлит ва ягона темир йўл тизимини яратиш ғоясини илгари сурди. Амударё узра автомобиль ва темир йўл қатнови учун мўлжалланган замонавий кўприкни ўз ичига олган Навоий-Учқудуқ-Нукус-Султон Увайстоғ темир йўлининг барпо этилиши бу борадаги дастлабки қадам бўлди.

Шимолий йўналишда дарвоза очиш, шу минтақадаги бой ер ости табиий захираларини ўзлаштириш, янги иш ўринлари ташкил этиш, пировардида ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган одамларнинг ҳаётини обод қилишда бу иншоот мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Бугун унинг юксак самараси ва таъсирини воҳадаги хўжалик ва ташкилотлар, ҳар бир оила ўз ҳаёти мисолида яққол кўриб турибди.

Орадан атиги уч йил ўтиб, Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўл линияси ишга туширилди. Ушбу бунёдкорлик иншооти мамлакатимизда ягона миллий темир йўл тизимини яратишнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлди.
Денгиз сатҳидан 1 минг 500 метр баландликдаги Ҳисор тоғ тизмаларини кесиб ўтган, узунлиги 223 километр бўлган мазкур темир йўлнинг ноёблиги шундаки, у нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа тараққиётида, қолаверса, неча асрлар мобайнида Шарқ билан Ғарбни боғлаб турган қадимий Буюк ипак йўлини қайта тиклашда алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, дарё транспорти нисбатан хавфсизлиги ва арзонлиги билан қолган транспортлардан ажралиб туради. Жуғрофий жойлашуви жиҳатидан халқаро коммуникация ва денгиз йўлларидан олисда бўлган Ўзбекистон учун уммонга чиқиш иқтисодий салоҳиятнинг янги қирраларини очишда ғоят муҳим ҳисобланади.

Йўл қурганнинг йўли очиқ, деган чуқур маъноли сўзлар биринчи бўлиб ким томонидан, қачон ва қаерда айтилгани ҳақида бир нима дейиш қийин. Ҳар ҳолда, бу сўз мустақиллик йилларида бутунлай янгича мазмун касб этгани ва амалда ўз исботини топгани бугун барчага аён.

Буни бугунги кунда катта истиқболга эга бўлган муҳим лойиҳа сифатида қаралаётган, транспорт-коммуникация соҳасидаги яна бир йирик иншоот – Ангрен-Поп йўналишидаги янги электрлаштирилган темир йўл тармоғининг қурилиши мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

...Қурама, Чотқол тоғларининг қоқ ўртасидан кесиб ўтган Қамчиқ довонига етиб қолдик. Ана, Оҳангарон сув омборидан ўтдик. Тангатопди қишлоғи ҳам ортда қолди. Биз ўтирган "Нексия" машинаси шундоққина тоғ этагидаги “Довон” деб номланган савдо растаси ёнига келиб тўхтади.
Дарвоқе, Довон ҳақида тарихий манбаларда маълумотлар кўп учрайди. Ёзма манбаларда қайд этилишича, милоддан олдин Фарғона водийсида етмишдан ортиқ катта-кичик шаҳарлар бўлган. Улардан бирининг номи – Даван. Унинг асосий қисми, бошқарув ва ишлаб чиқарувчи кучлари шарқий Фарғонада ўрнашган. Ўзининг геосиёсий жойлашувига кўра, мазкур ҳудуд Бақтрия, Сўғд, Чоч каби тарихий ўлкаларнинг Хитой билан савдо, иқтисодий ва маданий алоқаларида ўзига хос кўприк вазифасини ўтаган. Яна бир муҳим ҳужжатда, Давандан ҳар бири филдай келадиган афсонавий учқур отлар келтирилгани ва тўғри саройга жўнатилгани ҳақида ёзилади.

Тарих гардишга ўхшайди. Ундаги воқеалар бироз ўзгариш билан мудом такрорланиб туради, дейишади. Рост экан! Қаранг, орадан неча замонлар ўтди. Арт, Ақба, Қўтал номлари билан юритилган ушбу тарихий маскан яна тарихий воқеаларнинг шоҳидига айланмоқда. Фақат бу сафар бу ерлардан Хитойга “ҳар бири филдай келадиган афсонавий учқур отлар” эмас, таранг тортилган тасмадек темир йўл узра поездлар боради.

Бундан бор-йўғи 25-30 йил илгари бу ерлардан темир йўл ўтади, деса ҳеч ким ишонмасди. Боиси, ушбу ҳудуднинг баланд тоғ қоялари, чуқур сойликлари, пасту баланд адирлари узра поездлар қатновини йўлга қўйиш ақлга сиғмас иш эди-да! Миллионлаб куб метр қоя ва харсангларни бўлаклаш, уюм-уюм тошларни ортиш, ташиш, тўкиш, шиббалаш каби оғир ва мураккаб жараёнларда иш сифатини таъминлаш, жуда тиғиз белгиланган муддатларга қатъий амал қилиш, устига-устак, атроф-муҳит ва табиатга зарар етказмасдан ишлаш – буларнинг бари айтишгагина осон, холос.

Бунёдкор халқимиз бундай хаёлларни ҳақиқатга айлантирди. Мустақиллик даври кишиларининг ўткир зеҳни, собит қадами, қатъий хоҳиш-иродаси ва азму шижоати эвазига халқимизнинг яна бир орзуси ушалди.

Уфқи йўқ хаёллар қўйиб берсангиз, қаерларга олиб қочмайди. Бироз тин олгач, мақсад, манзил сари юрдик. Олдинда бизни денгиз сатҳидан 2,2 минг метр баландликда жойлашган Қамчиқ довони орқали қурилаётган 19 километрлик темир йўл туннели кутмоқда.

Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўл линиясининг узунлиги қарийб 124 километр. Келинг, дастлаб ушбу линиянинг қурилиш жараёнига қисқача тўхталиб ўтайлик.

Аввал мўлжалдаги ҳудуд обдон текисланиб, қотирилди. Кейин муайян вагонларда кўкиш тус шағал тўкиб чиқилди. Шағал устига пайдар-пай рельс ётқизилди, электр сими тортилди. Қилни қирқ ёрадиган, моҳир қурувчиларнинг қўли-қўлига тегмади. Ҳатто тушлик вақтида ҳам кўзларини рельсдан узмай, иш жараёнини муҳокама қилади. Нимадандир мамнун, нимадандир дилхун ўзаро чуғурлашади. Бу куйиб-ёнишлар ўз самарасини кўрсатди. Жорий йилнинг ўтган ойларида 186,7 миллион доллар ўзлаштирилди. Бугунги кунгача 285 cув ва 6 йўл ўтказгич, 13 темир йўл кўприги, “Орзу” вокзали, “Кўл”, “Темирйўлобод”, “Қўшминор” станциялари қуриб битказилди.

Йўл-йўлакай Қурама тоғининг белида қурилган “Орзу” вокзалини ҳам кўриб ўтдик. Янги вокзал биносида кутиш зали, она ва болалар хонаси замонавий тарзда, юксак дид билан бунёд этилган. Ногирон йўловчилар аравачалар билан чиқиши учун қулайликлар яратиш ҳам эътибордан четда қолмаган.

Айни пайтда қурилиш ишларининг мураккаблиги бўйича дунёда 8, узунлиги жиҳатидан 13, МДҲ мамлакатлари орасида биринчи ўринда бўлган туннелнинг қарийб 70 фоизи битибди. Туннелнинг қолган участкасида қазиш ва пардозлаш ишлари жадал давом этаётир. Қурама тоғининг нақ кўксини ёраётган техникаларнинг шовқин-сурони, қурувчи-йўлсозларнинг гоҳо қувноқ, гоҳо тажанг қийқириқлари қулоғингизни қоматга келтиради.

Сардаладан бошланиб, Чодак қишлоғигача давом этадиган туннелни қуриш ва пардозлаш ишларида дунёга машҳур “China railway tunnel group” қурилиш компаниясининг ходимлари кўмаклашмоқда. Асосий туннелда шу кунгача қарийб 13 километр, қўшимча туннелда 14 километр қазиш ишлари бажарилди.

– Ўзбекистонда биринчи марта бўлишим. Лекин ўзим темир йўл қурилиши соҳасида кўп йиллардан бери ишлаб келаётганим учун мамлакатингизнинг бу борадаги салоҳияти ҳақида кўп эшитганман, – дейди “ChRTG” қурилиш компанияси масъул ҳодими Ху Зенг Пинг. – Қурилиши деярли ниҳоясига етай деб қолган мазкур темир йўл Ўзбекистон иқтисодиёти учун қанчалар аҳамиятли эканини изоҳлаб беролмайман. Темир йўл борган жойга тараққиёт боради, ўсиш, ривожланиш боради. Демоқчиманки, Ўзбекистон танлаган йўл нечоғли тўғри экани йилма-йил исботланиб бормоқда.

Ху Зенг Пинг ҳақ гапни айтди. Боиси, ушбу темир йўл тармоғининг ишга туширилиши Фарғона водийси вилоятларини Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари билан ишончли тарзда боғлайди. Мамлакатимизнинг бутун ҳудуди бўйлаб ягона темир йўл транспорти тизимини шакллантириш борасидаги ишларни якунига етказади. Юртдошларимиз ва чет эллик меҳмонлар замонавий электр поездларда Тошкентдан Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларига, водийдан мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига ҳеч бир қийинчиликсиз бориш имкониятига эга бўлади.

Мустақил давлатимизнинг инсон манфаатлари йўлида узоқни кўзлаб амалга ошираётган сиёсатини, ҳаётбахш иқтисодий ислоҳотларимизни кўролмайдиган, пана-панадан тош отиб, ҳар хил миш-мишларни тарқатишга ўч кимсалар, афсуски, учраб туради... Бундайларнинг иғволарига жавобан халқимизнинг машҳур мақолини эслатамиз: "Ит ҳурар – карвон ўтар". Зеро, бу карвоннинг узоқни кўра оладиган, доно Сарбони бор. Бундай карвон ҳеч қачон завол кўрмагай...

Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли қурилишининг мамлакатимиз равнақига қўшадиган ҳиссаси шундаки, бу йўл Хитой – Марказий Осиё – Европа янги халқаро транзит темир йўл коридорининг энг муҳим бўғини бўлиб хизмат қилади. Кўп асрлар давомида мудраб ётган тоғлар қаърида қолиб келаётган бой ер ости минерал ресурсларини ва бошқа сифатли, қимматбаҳо фойдали қазилмаларни ўзлаштириш учун катта имкониятлар очиб беради. Иқтисодий тараққиётнинг белгиси бўлмиш қурилиш ва саноат, транспорт ва алоқа, хизмат соҳаларини ривожлантиришга, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, умуман, янги-янги маданий ўчоқлар очилишига, ҳаётни жонлантиришга, унинг суръатларини тезлаштиришга мустаҳкам замин яратади.Ўзбекистоннинг чет давлатларга чиқиш ва экспорт имкониятини, шу билан бирга, мамлакатимизнинг транзит ролини кенгайтириш борасидаги салоҳиятини кескин оширади...

Вақт бир ерда тўхтаб турмайди. Орадан кун, ҳафта, ой, йиллар, замонлар ўтади. Лекин мана шундай беқиёс мўъжизалар яратишга қодир бўлган халқимизнинг меҳнат жасорати, Ватанга муҳаббат ва садоқати, наинки ўзини, келгуси авлодларининг ҳам манфаатини ўйлаб бажарган буюк ишлари халқимиз бунёдкорлик салоҳиятининг ёрқин тимсоли сифатида тилларда достон, келгуси наслларга намуна бўлиб қолади.

Кун янгиликлари
«Qorako'l Ziyo-Nur» ўқув маркази ўқувчиларининг 92,6 % талабалар сафига қабул қилинди
08:17 17836 Lifestyle
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 48141 Жамият
Давлат ва ОАВ: Ахборот майдонида монополияга чек қўйиш вақти келди
22:00 / 16.08.2017 22041 Ўзбекистон
Москва собиқ Иттифоқнининг сўнгги ташқи қарзини узди
"Косонсой-фарм" эркин иқтисодий зонасига тадбиркорлар таклиф этилмоқда
Фаррух Зокиров «Ўзбекистон халқ артистлари клуби»​га бошчилик қилади
Наманган вилоятида тадбиркорлар олдида турган муаммолар бартараф қилинмоқда
«Ливерпуль» Коутиньо трансфери сериалини якунладими?
20:51 1175 Спорт
Xiaomi Bluetooth'ли "ақлли" кроссовкаларни яратди
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 2082 Жамият
Кўпроқ янгиликлар