Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шу жумладан, имконияти чекланган шахслар Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига телеграмм мессенжери орқали ҳам мурожаат қилиш имконига эга бўлади. Бу ҳақда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Азиз Абдухакимов Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда ногиронлар жамоат ташкилотлари ўртасида бўлиб ўтган консультатив учрашув вақтида маълум қилди.

Вазирнинг изоҳ беришича, яқин кунлар ичида фуқаролар ўзлари дуч келган муаммо, таклиф-мулоҳазалар бўйича вазирликка телеграмм мессенжери орқали ҳам мурожаат қилишлари мумкин бўлади. Бирор муаммога дуч келган фуқаро, дейлик, жамоат ташкилоти биносига ногиронлар аравачалари учун мўлжалланган пандуслар мавжуд бўлмаган тақдирда, ўша жойни суратга олиб, уни манзил ҳақидаги ахборотлар билан бирга телеграмм орқали вазирликка жўнатса, қонунда белгиланган тартибда чора-тадбирлар кўрилади ва муаммо тезда бартараф этилади.

Консультатив учрашув чоғида, шунингдек, Ўзбекистонда ногиронлар ҳолатини яхшилаш борасида кўплаб таклиф-мулоҳазалар ўртага ташланди.