АҚШ Марказий разведка бошқармасининг собиқ агенти Феликс Родригезнинг айтишича, машҳур кубалик инқилобчи Эрнесто Че Гевара Боливияда МРБ агентлари томонидан қўлга олиниб, отиб ташлангач, дастлаб унинг бошини танасидан жудо қилиш режалаштирилган. Унинг бошини Фидель Кастрога кўрсатиш мақсад қилинган эди. Аммо ахийри бу фикрдан воз кечилиб, фақат қўл панжалари кесиб олинган.
Латвиянинг BaltKom радиосига берган интервьюсида Родригез воқеа жойида бўлганини айтди.
“Улар нима қилиш ҳақида бир неча кун ўйлашди. У ерда Боливия армияси бош қўмондони генерал Овандо Кандиа бор эди, у Кастро бунинг Че Гевара эканлигини тан олмайдиган тақдирда далиллар керак бўлишини таъкидлади. Ва у Геваранинг бошини кесиб олишни таклиф қилди. Мен: “Генерал, сиз бундай қила олмайсиз”, дедим. “Нега?”, сўради у. “Кастро нимани инкор қилишидан қатъий назар, сиз бош штаб қўмондонисиз, сиз далил сифатида инсон бошини келтира олмайсиз”, деб жавоб бердим”, – деди Родригез интервью чоғида.
Унинг айтишича, шу суҳбатдан сўнг генерал ундан қандай йўл тутиш ҳақида сўраган.
“Унинг битта бармоғини кесиб олинг, бизда Аргентина полицияси олган бармоқ излари бор, буни текширса бўлади”, – деб жавоб берган агент. Аммо генерал инқилобчининг иккала қўлини кесиб олишга кўрсатма берган.
Шифокор келиб, тунги соат 3:00да Че Геваранинг панжаларини қирқиб олган ва уларни формальдегидга жойлаштирган. Ушбу “далил” ташқи ишлар вазири Антонио Аргедасга берилган ва у томонидан Кубага олиб борилган. Қўллар Гаванадаги Инқилоб майдонидаги бинолардан бирида сақлаб келинган.
Родригезнинг таъкидлашича, Кастро Геваранинг панжаларини оролга ташриф буюрувчи олий мартабали шахсларга кўрсатган.