Ўзбекистонда шу вақтга қадар хориждан импорт қилинаётган замонавий реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқиш йўлга қўйилади. Бу ҳақда 14 август куни Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда ногиронлар жамоат ташкилотлари ўртасидаги консультатив учрашув чоғида маълум қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, ўтган уч йил ичида Ўзбекистонда 8770 нафар имконияти чекланган шахс давлат ҳисобидан ногиронлар аравачаси, эшитиш воситалари, қўлтиқтаёқ ва ҳассалар билан таъминланиб, ушбу мақсадларга 4,7 млрд сўм сарфланди. “Кексаларни эъзозлар йили давлат дастури”да белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида реабилитация техник воситаларини бепул тақдим этишга ажратилаётган давлат бюджети маблағлари яна икки оширилиши белгиланган.

Муқаддам ногиронлар учун реабилитация техник воситаларининг аксарияти хориждан катта маблағлар ҳисобига импорт қилинар эди. Мамлакатимиздаги қулай инвестицион муҳит кўплаб халқ истеъмоли маҳсулотлари, шу жумладан ногиронлар учун зарур техник воситаларни ҳам ўзимизда ишлаб чиқаришга имкон туғдирмоқда. Шу мақсадда жорий йил 10 август куни Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан импорт қилинувчи замонавий реабилитация техник воситалари намуналари кўргазмаси ташкил этилди. Унда энг энг замонавий ва инновацион маҳсулотлар келгусида республикамизда тайёрланишини кўзда тутган ҳолда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун тақдим этилди.

Учрашув вақтида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги мазкур маҳсулотларни “Ўзавтосанот” АК, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, “Ўзэлтехсаноат” АК, “Ўзбекенгилсаноат” АЖ негизида ишлаб чиқариш йўлга қўйилишини маълум қилди.