Англиянинг Ливерпуль шаҳрида фашизм тарафдорлари билан антифашистлар ўртасида тўқнашувлар юз берди. “Миллий ҳаракат” ташкилоти фаоллари шаҳарда охирги ўн йилликлар давомида энг йирик бўлиши керак бўлган “Оқ танли одамлар марши” деб аталган нацизм тарафдорларининг намойишини ўтказмоқчи бўлдилар. Ливерпуль ҳокимияти бу намойишга розилик берган бўлишига қарамасдан, антифашистларнинг норозиликлари туфайли у бекор қилинди.

Антифашистик ҳаракат вакиллари жавоб акциясига чиқдилар. Шаҳардаги вазият кескин кўриниш олди.    

Фашизмга қарши чиқувчи намойишчилар вокзал биносида марш ўтказишга тайёргарлик кўраётган неонацистларнинг кичик гуруҳига ҳужум қилди. Бир неча киши ҳибсга олинди.

Фашизмга қарши намойишларда юзлаб одамлар иштирок этмоқда. Кўчаларда кўплаб полициячилар вазиятни назорат қилмоқда. Одамлар Ливерпуль кўчалари бўйлаб неонацистларга қарши норозиликларини намоён қилган ҳолда ўтмоқдалар. Улар фашизм тарафдорлари маршининг олди олинганини нишонлашмоқда ва “Бошқа ҳеч қачон!” деб ҳайқиришмоқда.