Сербиялик ракетка Новак Жокович Канаданинг Монреаль шаҳрида ўтказилаётган профессионал теннисчилар уюшмаси турнирининг франциялик Жереми Шардига қарши ўтказаётган ярим финал учрашуви чоғида ҳакамга кортда марихуана ҳиди келаётганини маълум қилди. Унинг сўзларини Германиянинг Bild нашри келтирди.

Ярим финал Жоковичнинг 6:4, 6:4 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Аммо ўйин пайтида теннисчи боши айланаётганини, бунга трибунадан марихуана ҳиди келаётгани сабаб бўлганини маълум қилди.

“Мен бош айланишига қарши курашаётган пайтимда кимдир ҳаётдан лаззатланиб ўтирган экан. Натижа ёмон эмас, лекин мен яхшироқ ўйнашим ҳам мумкин эди. Мен ҳакамга буни маълум қилдим, лекин у нима ҳам қила олар эди?”, – деди сербиялик спортчи.

Турнир финалида Жокович британиялик Энди Маррей билан беллашади. Маррей, ўз навбатида, ярим финалнинг бошқа баҳсида Япония вакили Кей Нисикоридан устун келди (6:3, 6:0).